Марказий банк билан Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг ҳамкорлиги мустаҳкамланди
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (ЖИДУ) ўртасида илмий ва академик ҳамкорлик бўйича Англашув меморандуми имзоланди.
Мазкур ҳужжат томонлар ўртасида илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш, таълим ва амалиёт интеграциясини кучайтириш ҳамда молия тизими учун кадрлар тайёрлаш мақсадини кўзлайди.
Ҳамкорлик доирасида қўшма илмий-тадқиқот лойиҳаларини йўлга қўйиш ва илмий нашрлар тайёрлаш, ахборот ресурслари ҳамда илмий маълумотлар базаларидан биргаликда фойдаланиш, конференция, форум, семинар ва тренинглар ташкил этиш кўзда тутилган.

Меморандумга кўра, Марказий банк мутахассислари университет ўқув режаларини замонавий талабларга мослаштириш бўйича тавсиялар беради, талабалар учун маҳорат дарслари ўтказади ва уларнинг илмий ишларига маслаҳатчи сифатида жалб этилади.
Шунингдек, бакалавриат, магистратура ва докторантура босқичи талабалари учун Марказий банкда амалиёт ўташ имкониятлари кенгайтирилади. Докторантларнинг илмий ишлари мавзулари Марказий банк учун долзарб бўлган йўналишлар билан боғланади.
Ўз навбатида, Марказий банк ходимлари учун ЖИДУда тадқиқот методлари, маълумотлар илми (data science), макроиқтисодиёт ва микроиқтисодиёт йўналишларида махсус ўқув курслари ташкил этилади.
Бундан ташқари, томонлар инновацион ва стартап экотизимини ривожлантириш, стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, уларни инкубация ва акселерация дастурлари орқали ривожлантириш ҳамда инвестициялар жалб этиш соҳасида ҳам ҳамкорлик қилади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА