«Ўзбекистон солистлари» камер оркестри – 40 ёшда!
Ўзбекистон давлат филармонияси тасарруфидаги «Ўзбекистон солистлари» камер оркестри ташкил этилганининг 40 йиллиги муносабати билан катта юбилей концерти ўтказилди.
“Туркистон” саройида бўлиб ўтган мазкур тадбирда бир қатор хорижий меҳмонлар, маданият ва санъат соҳаси масъуллари, Филармония раҳбарияти ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Юбилей дастури аввалида Ўзбекистон давлат филармонияси Бош директори Анвар Тожибоев сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбековнинг тантанали табригини ўқиб эшиттирди ва оркестр жамоасини табриклади.

“Ўзбекистон солистлари” камер оркестрининг бир гуруҳ аъзоларига вазирлик томонидан "Маданият ва санъат фидокори" кўкрак нишони топширилди.
Юбилей оқшомида сўзга чиққан хорижий меҳмонлар ва таниқли санъат арбоблари жамоани муборакбод этиб, ушбу оркестрнинг нафақат Ўзбекистонда, балки халқаро миқёсда ҳам муносиб обрў қозонганини алоҳида таъкидлади.

Тантанали кечада санъат ихлосмандлари оркестр ижросида жаҳон ва ўзбек классик мусиқасининг энг сара намуналаридан баҳраманд бўлди.
Эътиборлиси, Ўзбекистон халқ артисти Рамиз Усмонов, Россияда хизмат кўрсатган артист Граф Муржа, маҳоратли мусиқачилар Руя Танер (Туркия), Ванг Сиаотонг (Хитой), халқаро танловлар ғолиби Элнура Мирзакамолова ва бошқа санъаткорлар ўз чиқишлари билан юбилей дастурига янада файз бағишлади.

Шунингдек, профессионал ижодкорлар Ян Сзиян (Хитой), Ровшен Непесов (Туркманистон), халқаро танловлар совриндори Иван Денисенко ҳамда оркестр бадиий раҳбари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Анвар Раимжонов дирижёрлиги остида тақдим этилган мусиқий асарлар мухлисларга унутилмас таассурот бағишлаб, гулдурос олқишларга сазовор бўлди.
“Ўзбекистон солистлари” камер оркестрининг 40 йиллик юбилей концерти мусиқа орқали қалбларни бирлаштирган ажойиб оқшомга айланди.
Н.Усмонова,
ЎзА