Ҳалоллик ва қонунийлик ҳар бир ходимнинг бош мезони
Коррупцияга қарши курашишда жиноят содир этилганидан кейин унинг оқибатларига ҳуқуқий баҳо бериш қанчалик муҳим бўлса, бундай иллатларнинг барвақт олдини олиш ҳам шунчалик долзарбдир. Зеро, коррупцияга қарши самарали курашиш фақат жазо чораларини қўллаш билан эмас, балки жамиятда ҳалоллик муҳитини шакллантириш, давлат хизматчиларининг ҳуқуқий онги ва масъулиятини юксалтириш билан ҳам бевосита боғлиқ.
Давлат раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш, давлат бошқарувида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, ҳар бир раҳбар ва ходимнинг шахсий масъулиятини оширишга қаратилган тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу борада, айниқса, фуқароларнинг ер ва кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларини таъминлаш билан боғлиқ соҳаларда қонунийлик ва холисликни мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этади.
Шу мақсадда Кадастр агентлиги ҳамда Давлат кадастрлари палатасининг Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаларида коррупциявий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ходимларда қонунга ҳурмат ва ҳалоллик тамойилларини мустаҳкамлашга қаратилган профилактик тадбирлар ўтказилмоқда.
Хусусан, навбатдаги тадбир доирасида бошқармалар ходимлари Когон туманидаги 1-сон жазони ижро этиш колониясига ташриф буюриб, муассасадаги шароитлар, сақлаш камералари ва мавжуд инфратузилма билан танишдилар. Шунингдек, ер муносабатлари билан боғлиқ коррупциявий жиноятларни содир этган маҳкумлар билан очиқ мулоқот ташкил этилди.

Мулоқот давомида маҳкумлар ўз ҳаётий тажрибалари, содир этган жиноятлари ва бунинг оқибатлари ҳақида сўзлаб бердилар. Уларнинг ҳаёт йўли мисолида коррупциявий қилмишнинг асл баҳоси фақат суд ҳукми ёки озодликдан маҳрум этилиш билан белгиланмаслиги яна бир бор намоён бўлди. Бундай жиноят инсоннинг оиласи, яқинлари, жамиятдаги обрў-эътибори ва келажакдаги ҳаётига ҳам оғир таъсир кўрсатади.
Айниқса, ер муносабатлари соҳасида содир этилган коррупциявий жиноятлар нафақат алоҳида фуқароларнинг ҳуқуқларига, балки жамиятда адолат ва давлат идораларига бўлган ишончга ҳам салбий таъсир кўрсатади. Чунки ер ва кўчмас мулк билан боғлиқ ҳар бир қарор ортида инсонларнинг мулкий ҳуқуқи, меҳнати ва қонуний манфаатлари мужассам.
Шу боис давлат хизматчисининг хизмат ваколатидан шахсий манфаат йўлида фойдаланишига йўл қўйиб бўлмайди. Ҳар бир ходим ўз фаолиятида қонун устуворлиги, холислик, шаффофлик ва ҳалолликни бош мезон қилиб олиши шарт. Бу нафақат касбий бурч, балки халқ ишончини оқлашнинг ҳам асосий шартидир.

Таъкидлаш жоизки, жазони ижро этиш муассасаларига уюштирилаётган бундай профилактик ташрифлар ходимлар учун коррупциянинг аянчли оқибатларини ҳаётий мисоллар орқали англаш, ўз фаолиятига танқидий назар ташлаш ва касбий масъулиятини янада чуқур ҳис этиш имконини беради.
Кадастр агентлиги ҳамда Давлат кадастрлари палатасининг Бухоро вилояти ҳудудий бошқармалари томонидан бу каби профилактик тадбирларни изчил давом эттириш, ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Зеро, коррупциядан холи жамият қуриш, аввало, ҳар бир инсоннинг ҳалоллиги, ҳар бир давлат хизматчисининг қонунга садоқати ва ўз вазифасига виждонан ёндашувидан бошланади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири