Билимли ва иқтидорли ёшлар сараланди
Сирдарё вилоятида ўтказилган «Jadidlar izidan» танлови ёшларнинг жадидлар меросига бўлган қизиқиши ва билим салоҳиятини намоён этди. Миллий ўзликни англаш, тарихий хотирани асраш ва маънавий қадриятларга ҳурматни кучайтиришга қаратилган беллашувда иштирок этиш учун 30 минг нафарга яқин ўқувчи қизиқиш билдирди. Уларнинг 1,5 минг нафардан зиёди туман ва шаҳар босқичларида қатнашди. Саралаш натижаларига кўра, 22 нафар ўқувчи ўз ёш тоифаси бўйича кейинги босқичга йўлланма олди.
Халқни илм-маърифатли қилиш, таълимни ислоҳ этиш ва миллий тафаккурни юксалтириш йўлида фидойилик кўрсатган жадид боболаримиз мероси бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий ва Чўлпон каби маърифатпарварларнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш ёш авлоднинг тарихий хотирасини бойитиш, миллий ўзлигини англаши ва маънавий камол топишида муҳим ўрин тутади.
2024 йилдан буён ўтказиб келинаётган «Jadidlar izidan» танлови ўқувчиларнинг жадидлар мероси ҳақидаги билимларини синаш, уларни мустақил фикрлашга ва ижодий изланишга ундашни мақсад қилган. Гулистон шаҳридаги беллашувда сараланган 157 нафар ўқувчи жадидлар ҳаёти ва ижодига оид билимларини намоён этди.
Танлов 6–8-синф ҳамда 9–10-синф ўқувчилари ўртасида алоҳида йўналишларда ўтказилди. Иштирокчилар тест саволларига жавоб бериш ва оғзаки савол-жавобларда қатнашиш орқали ўз билимларини синовдан ўтказишди. Кейинги босқичларда эса бошқотирмаларни ечиш, адабий асарларни таҳлил қилиш ва иншо ёзиш каби шартлар орқали уларнинг билим даражаси, таҳлилий фикрлаши ва ижодий салоҳияти баҳоланади.
Гулистон шаҳри босқичи натижаларига кўра, 9–10-синф ўқувчилари ўртасида 16-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Абдувоҳид Абдусоатов биринчи, 12-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Озодбек Ўролов иккинчи, 15-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Наргиза Абдужалилова учинчи ўринни эгаллади.
6–8-синф ўқувчилари ўртасида эса 3-мактабнинг 8-синф ўқувчиси Умид Адҳамжонов биринчи, шу мактабнинг 7-синф ўқувчиси Лазиза Зокирова иккинчи, 4-мактабнинг 7-синф ўқувчиси Мадина Неъматова учинчи ўринга сазовор бўлди.
Танловнинг аҳамияти ғолибларни аниқлаш билангина чекланмайди. У ёшларни аждодлар меросини чуқур ўрганишга, тарихдан сабоқ чиқаришга, мустақил фикрлашга ва маърифатпарварлик ғояларини англашга ундайди.
Юқори натижаларни қайд этган ўқувчилар вилоят босқичида, ушбу босқич ғолиблари эса республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА