Беларусда 20 дан ортиқ ўзбек чорвачилик лойиҳаси фаолият юритмоқда
Ўзбекистон Беларусда чорвачиликни ривожлантиришга катта сармоя киритмоқда. Гродно ва Витебск вилоятларида йирик лойиҳалар орқали икки давлат ҳамкорлиги мустаҳкамланиб, янги имкониятлар очилмоқда.
Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида чорвачилик соҳасидаги ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. Айни пайтда ушбу давлатда ўзбекистонлик тадбиркорларнинг 20 дан ортиқ чорвачилик лойиҳаси фаолият юритмоқда. Мазкур лойиҳалар доирасида 10 мингдан зиёд қорамол парваришланиб, икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқалар мустаҳкамланмоқда. Хусусан, Гродно ва Витебск вилоятларида ўзбек сармояси иштирокида йирик чорвачилик мажмуалари ишга туширилди.

Шу жумладан, Витебск вилоятининг Миор тумани ва Гродно вилоятининг Ошмяни туманида 3 та йирик лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди. Бундай ҳамкорликнинг ёрқин намунаси сифатида Шумилов туманидаги лойиҳани келтириш мумкин. Қашқадарёлик тадбиркор бу ерда 2 та чорвачилик комплексини ижарага олиб, 2 нафар рус ва 3 нафар ўзбек мутахассиси билан иш бошлади. Ҳозирда 330 бош қорамол парваришланаётган мажмуада инвестор чорва сонини янада кўпайтириб, тайёр маҳсулотни Ўзбекистонга экспорт қилишни режалаштирмоқда.

Маълумотларга кўра, Беларусдаги кўплаб чорвачилик комплексларида ишчи кучи ва замонавий технологиялар етишмовчилиги туфайли тўлиқ қувватда ишлай олмаяпти. Бу эса ўзбекистонлик инвесторлар учун чекка ҳудудларда чорвачиликни ривожлантириш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш учун кенг имкониятлар яратмоқда.

Ўзбекистонлик тадбиркорларнинг Беларусдаги йирик лойиҳаларга сармоя киритиши, маҳаллий чорвачилик комплексларининг ишчи кучи ва замонавий технологияларга бўлган эҳтиёжини қондириш билан бирга, икки мамлакат тадбиркорларини яқинлаштиради. Бундай стратегик ҳамкорлик иқтисодий алоқаларни чуқурлаштиришга хизмат қилмоқда.
Санжар Тошпўлатов,
ЎзА