Баҳс, мунозараларга бой ўтган анжуман
Наманган вилояти Поп туманидаги Чодак қишлоғида жойлашган 26-умумтаълим мактабида “Миллий контент яратиш ва сунъий интеллект технологиялари” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Наманган ва Сирдарё вилояти бўлимлари ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу анжуманда Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов, оммавий ахборот воситалари ходимлари, соҳанинг етакчи мутахассислари ва тажрибали журналистлар иштирок этишди.

Тадбирда уюшма раҳбари Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 30 июнь — Ёшлар куни муносабати билан ўтказилган тантанали маросимда илгари сурилган устувор вазифалар, шунингдек, Хитой Халқ Республикасидаги халқаро анжуманда муҳокама қилинган масалалар ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди. Айниқса, сунъий интеллект технологияларининг оммавий ахборот воситаларидаги роли, миллий контент яратишдаги аҳамияти ва ушбу жараёнда юзага келиши мумкин бўлган хатарлар юзасидан таҳлилий мулоҳазалар билдирилди.

Анжуманда “Namangan International School” ва “Namangan AI” мактаблари асосчиси, Ўзбекистон Республикаси Нодавлат таълим муассасалари ассоциациясининг Фарғона водийси бўйича бошқарма раҳбари Муҳаммад Элёр Йўлдошев сўзга чиқиб, ёш авлодни сунъий интеллект соҳасида замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлиш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳалар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, Журналистлар уюшмаси қошида мазкур йўналишда махсус таълим муассасаларини ташкил этиш бўйича таклифлар билдирилди.

Наманган вилояти бўлими раиси Носиржон Деҳқонов ва Сирдарё вилояти бўлими раиси Бойжигит Абдуллаевлар ҳам анжуман мавзуси бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини баён қилди.

Тадбир савол-жавоблар, фаол мулоқот тарзида ўтди. Анжуман жараёни давомида иштирокчилар Чодак қишлоғининг юқори қисмида жойлашган, “Чир-чир момо кўз ёшлари” номи билан машҳур бўлган, буюк мутафаккир Аҳмад Яссавий ҳазратларининг шажарасига боғлиқ Исмоил Атоий қадамжосига зиёрат уюштиришди.
Анжуман якунида эса икки вилоят журналистлари ўртасида шахмат ва шашка мусобақалари ўтказилди.

Ёзги дам олиш ва касбий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилган мазкур тадбир сўнггида фаол иштирок этган журналистлар Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг ташаккурномалари ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири