Автомобиль йўлларида сифат ва хавфсизликни таъминлаш – муҳим масала
Юртимизда йўл инфратузилмасини ривожлантириш, мавжуд автомобиль йўлларининг техник ҳолатини яхшилаш, аҳоли ҳамда транспорт воситаларининг хавфсиз ва қулай ҳаракатланишини таъминлаш бугунги кундаги муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Андижон вилояти автомобиль йўллари бош бошқармаси томонидан вилоятдаги 2 минг 422 километр узунликдаги умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини 2026-2027 йиллар куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланиб, уларни амалга оширишга қаратилган зарур ишлар олиб борилмоқда.
Мазкур йўналишдаги ишларни самарали амалга ошириш учун вилоят бўйича 600 нафардан ортиқ ишчи ва техникалар жалб этилган ҳолда махсус бригадалар ташкил этилиб, автомобиль йўллари, айниқса, хавфли участкаларда зарур ишлар олиб борилмоқда.

Вилоятдаги мавжуд 41 та йўл бўлимининг ётоқхона ва маиший хоналарида яшаш учун зарур шароитлар яратилди, ишчи-хизматчилар махсус қишки кийим-бош билан таъминланди. Уларни иссиқ овқат билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Барча туман, шаҳар йўл бўлимларида куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш учун зарурий материаллар захиралари яратилди. Ҳудудларда навбатчилик бригадалари ташкил этилиб, куну тун ишлайдиган мунтазам диспетчерлик хизмати йўлга қўйилган.
Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш, транспорт воситаларининг хавфсиз ва узлуксиз ҳаракатланишини таъминлаш, хусусан, автомобиль йўлларида қишки қаров ишларини бажариш учун 4,5 миллиард сўм миқдорида маблағ йўналтирилди.

Шунингдек, автомобиль йўлларининг хавфли қисмларида талаб даражасида сирпанчиққа қарши қум, майда чақилган тош, туз ва қум-туз аралашмаси ҳамда инерт материаллар захираси яратилди. Жумладан, мавсумда ишлатиш учун 2800 тоннадан ортиқ техник туз, 4550 м³ қум ва чақилган тош аралашмаси тайёрлаб қўйилди.
Бундан ташқари, қиш мавсумида автомобиль йўлларида барқарор йўл хизматини таъминлаш мақсадида қуйидаги техникалар - 125 тадан ортиқ йўл техникаси, 24 та қор тозалаш ва қум сепишга мўлжалланган машина, 15 та автогрейдер, 2 та бульдозер, 13 та эксковатор ва юклагич, 71 та юк транспорт воситаси ва қўшимча жалб қилинган махсус автомобиллар шай иш ҳолга келтирилди.

Айни кунларда вилоят автомобиль йўллари бош бошқармаси таркибидаги корхоналар томонидан 2026-2027 йиллар куз-қиш мавсумида барқарор йўл хизматини таъминлаш бўйича белгиланган ишлар режа асосида тизимли равишда давом этмоқда.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири