Президент мактуби – ёшлар учун ҳаётий сабоқ ва эзгу тилак
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Суюкли набирам Шавкатбекка парвоз давомида ёзилган хат” номли мактубида илгари сурилган фикр-мулоҳазаларнинг мазмун-моҳиятини талаба-ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилишга қаратилган маънавий-маърифий суҳбат ташкил этилди.
Унда университет Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор вазифасини бажарувчи Ғ.Уразбаев хатнинг мазмуни, унда акс этган ҳаётий сабоқлар ва ёш авлод олдида турган муҳим вазифалар ҳақида сўзлаб берди. Жумладан, Президентнинг халқ хизматини ҳаёт мазмуни деб билиши, Ватан тараққиёти, аҳоли фаровонлиги ва ёшлар келажаги йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар алоҳида қайд этилди.

Тадбир давомида хатда илгари сурилган илм-маърифатга интилиш, таълим олиш, буюк аждодларимиз меросига муносиб ворис бўлиш, замонавий технологиялар ва сунъий интеллектдан оқилона фойдаланиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, мактубдаги “Билим ва тафаккур – туганмас бойлик” ҳамда “Ватанга фойда келтиришга, юртимиз учун керакли бўлишга интил!” деган ҳаётий даъватлар ёшлар учун муҳим мезон экани таъкидланди.

Шунингдек, Президентимизнинг мактубида баён этилган мардлик, ор-номус, ватанпарварлик, ҳалоллик, камтарлик ва меҳнатсеварлик каби инсоний фазилатларни асраб-авайлаш, ҳар қандай вазиятда ҳам инсонийликни йўқотмаслик борасидаги насиҳатлар талаба-ёшлар эътиборига ҳавола этилди. Бундай маънавий-маърифий суҳбатлар ёшларнинг дунёқарашини кенгайтириш, уларда Ватанга муҳаббат, миллий ғурур ва юксак масъулият туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири