Аълочи ўқувчиларга бепул йўлланма берилади
Бугун юртимиздаги умумтаълим мактабларида сўнгги қўнғироқ жаранглаб, 2025-2026 ўқув йили якунланди. Энди яна бир неча кун юқори синф ўқувчилари ва битирувчилар белгиланган фанлар бўйича имтиҳонларни топширса, қуйи синфлар учун ёзги таътил бошланди. Таътилни мазмунли ўтказиш ва бу даврда болаларни дам олдириш, соғломлаштириш мақсадида юртимизнинг сўлим масканларидаги оромгоҳлар ўқувчилар учун ўз эшикларини очади.
Жорий йилги мавсумда Самарқанд вилоятидаги 14 та оромгоҳда 8710 нафар болажонларнинг дам олиши режалаштирилган. Шунингдек, 57 та умумтаълим мактабида ташкил этиладиган соғломлаштириш майдончаларида 12800 нафардан ортиқ ўқувчи қамраб олинади.
– Вилоятдаги оромгоҳларнинг 10 таси Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси қошидаги болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти тасарруфида бўлиб, бу масканларда 6885 нафар болажонларимиз дам олади, – дейди мазкур департамент Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи Феруза Қиличева. – Бу оромгоҳларимиз 8 июндан ўз фаолиятини бошлайди ва 5 даврада ўқувчиларни қабул қилади. Жумладан, энг йирик, тоғлар бағрида жойлашган Ургут туманидаги “Чор чинор”, Самарқанд туманидаги “Ёш астроном” ва “Алпомиш” оромгоҳларининг ҳар бири мавсум давомида 1000-1500 нафар ўқувчиларни қабул қилиши режалаштирилган. Шу пайтгача барча оромгоҳлар ўрганилиб, бино ва иншоотларнинг ҳолатига қараб, таъмирлаш ва жиҳозлаш, ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Бу жараён мутасадди ташкилотлар мутахассислари томонидан мувофиқлаштирилиб, асосий эътибор болаларнинг хавфсизлигини таъминлаш, мароқли ҳордиқ чиқаришига қаратилди.
Болаларнинг соғлом ва сифатли овқатланиши учун барча оромгоҳларда аутсорсинг хизматлари йўлга қўйилди. Бу йил ҳар бир дам олувчи бола учун бир кунлик овқатланиш нархи 54 минг 756 сўм этиб белгиланган. Кунлик рационда болаларнинг саломатлиги учун муҳим бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари киритилган ва уларнинг етказиб берилиши, сақланиши сифати тегишли идоралар томонидан назорат қилинади.
Жорий йилда ҳам оромгоҳлар йўлланмалари Oromgohlar.uz электрон платформаси орқали шаффоф ва қулай тарзда онлайн сотилмоқда. Ота-оналар ўзлари ва фарзандлари учун энг қулай оромгоҳни танлаб, белгиланган тўловларни амалга оширган ҳолда йўлланмаларни харид қилишлари мумкин. Эътиборли жиҳати тўрт минг нафардан ортиқ болалар – ўқув йилини аъло баҳолар билан якунлаган ўқувчилар, ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар фарзандларига йўлланмалар бепул тақдим этилади.
Бу йил оромгоҳларда фаолият кўрсатадиган тарбиячи ва етакчилар ҳам мазкур платформа орқали онлайн ҳужжат топширди. Тегишли ишчи гуруҳ уларнинг ҳужжатларини ўрганиб, суҳбат асосида энг муносиб 284 нафар педагогни танлаб олди.
Бундан ташқари, болаларнинг хавфсизлигини таъминлаш, оромгоҳларни қўриқлаш мақсадида ички ишлар, фавқулодда вазиятлар хизматлари ва қўриқлаш бошқармасидан 70 нафар ходим оромгоҳларга бириктирилди. Дам олиш мавсумида болаларнинг саломатлигини назорат қилиш, зарурат туғилганда уларга тезкор тиббий ёрдам кўрсатиш учун 80 нафар врач ва ҳамшира жалб қилинди. Ҳар бир оромгоҳга бир нафардан санитария-эпидемиологик ходим бириктирилди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан оромгоҳлар 48 турдаги дори-дармон ва бошқа воситалар билан таъминланмоқда.
– Ҳар бир даврада оромгоҳларда ўтказиладиган барча маънавий-маърифий ва маданий-спорт тадбирлари 12 кунлик намунавий дастур асосида ўтказилади, – дейди Ф.Қиличева. – Масалан, “Салом, оромгоҳ!” деб номланган биринчи кун болажонлар оромгоҳ билан таништирилади, сардорлар сайланиб, гуруҳлар номланади. Кечқурун “Салом оромгоҳ” танишув-мусиқий дастури ўтказилади. Кейинги кунларда Янги Ўзбекистон ғояларини тарғиб этувчи расмлар, шеърлар, ва қўшиқлар танлови ўтказилади. “Янги Ўзбекистонда –менинг оромгоҳим” номли видеоролик олишга старт берилади. Оромгоҳнинг очилиш маросими ўтказилади. Ҳарбий ватанпарварлик кунида беш кураш бўйича “Ҳарбийлаштирилган эстафета” спорт мусобақалари ташкил этилади. Миллий қадриятлар кунида миллий спорт ўйинлари, либослар кўргазмаси намойиш этилади. Шунингдек, болаларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, маданият ва санъат бўйича иқтидорини намоён этиш, она-табиатни асраш, спорт ва саломатликни кенг тарғиб этиш, миллатлараро тотувчиликни таъминлашга қаратилган тадбирлар ўтказилади.
Барча оромгоҳларда лего, караоке, қум, медиа, тил ўрганиш, кубик-рубик, робототехника ва кулолчилик клублари ташкил этилади ва улар керакли жиҳозлар билан таъминланади. Умуман, оромгоҳдаги ҳар бир кун болажонлар учун эсда қоларли, унутилмас таассуротларга бой бўлиши учун дастурлар ишлаб чиқилган.
Оромгоҳларни мавсумга тайёрлаш ва педагог ходимларга 12 кунлик дастурнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш мақсадида ўқув-семинарлар ўтказилмоқда. Жумладан, Ургут туманидаги “Чорчинор” болалар оромгоҳида ташкил этилган назарий ва амалий ўқув машғулотида мактаб ва мактабгача таълими, соғлиқни сақлаш, спорт ва маданият бошқармалари ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотлар масъуллари иштирок этиб, тарбиячи ва етакчиларга зарур тавсиялар берилди.
[gallery-29627]
Самарқанд туманидаги “Алпомиш” оромгоҳида ўтказилган амалий семинарда эса ҳокимликлар ва бошқа тегишли ташкилотлар масъуллари, оромгоҳлар раҳбарлари билан мавсумга тайёргарликнинг сўнгги босқичи таҳлил қилинди. Болаларни оромгоҳларга қабул қилиш ва кузатиб қўйишда хавфсизликни таъминлаш ва бошқа эътибор қаратилиши зарур бўлган вазифалар белгиланди. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги ҳамда соғлиқни сақлаш бошқармалари масъуллари томонидан дам олиш жойларида гигиеник нормаларга амал қилинишини таъминлаш ва сифатли тиббий хизматни йўлга қўйиш масалаларига эътибор қаратилди.
– 200 ўринли оромгоҳимизда бу йил беш даврада минг нафар болажонларимизни қамраб олиш режалаштирилган, – дейди “Алпомиш” оромгоҳи раҳбари Нигора Жабборова. – Бунинг учун барча шароит яратилди. Ҳудуд ободонлаштирилиб, бинолар жорий таъмирланди ва зарур жиҳозлар келтирилди. Болаларнинг оромгоҳда кечадиган 12 куни фақат дам олиш билан чекланмайди, балки улар бу даврда ўз иқтидорини намоён этишига имконият берилади. Улар учун спорт, санъат ва маданият, ижод ва интеллектуал, тил ва медиа саводхонликлари, моҳир қуллар ва касб-ҳунар тўгараклари ташкил этилади. Ҳар бир кун муайян мавзуларга бағишланади. Энг муҳими, болаларнинг хавфсиз ва мароқли ҳордиқ чиқариб, яна ўз оиласи бағрига қайтиши учун барча зарур чора-тадбирларни кўряпмиз.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари