Иқтисодий суд қарорлари ижроси ўз вақтида таъминланади
Парламент қуйи палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг йиғилишида “Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси иқтисодий суд қарорларининг ижросини асоссиз кечиктириш ҳолатларини камайтириш, ҳалол фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини янада ишончли ҳимоя қилишга қаратилган.
Жумладан, қонун лойиҳаси билан Иқтисодий процессуал кодексининг 271, 294 ва 323-моддаларига ўзгартириш киритилмоқда. Унга кўра, юқори инстанция судларида кўриб чиқилаётган ишлар бўйича суд ҳужжатлари ижросини тўхтатиб туриш фақатгина аризачи томонидан бундай чора кўрилмаса, суд ҳужжатининг қайтарма ижроси қийинлашиши ёки имконсиз бўлиб қолиши асослаб берилган ҳолларда қўлланилиши белгиланмоқда.

Муҳокамаларда суд қарорлари ижросини юқори инстанцияда тўхтатиб туришнинг аниқ асосларини белгилаш амалиёти суд қарорларининг ўз вақтида бажарилишини таъминлаш, қарздорликларни ундириш жараёнларида ортиқча кечикишларнинг олдини олишга хизмат қилиши қайд этилди.
Фракция аъзолари мазкур қонун лойиҳаси тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш ва қонуний иқтисодий муносабатларни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
М.Комилова,
ЎзА