370 та ҳолатда 9 минг 455 та газ баллони ноқонуний сақланаётгани аниқланди
Энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва энергетика объектларида хавфсизликни таъминлаш муҳим. Бу борада ўтказилаётган назорат тадбирларида қоидабузарликларнинг олдини олиш, ноқонуний ҳолатларга чек қўйиш ҳамда фуқаролар мурожаатларини холисона ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу ҳақда "Ўзэнергоинспекция" ахборот хизмати раҳбари Наврўз Норбобоев қуйидагиларни маълум қилди:
– Энергия ресурсларидан хавфсиз фойдаланиш ойлиги доирасида Қорақалпоғистон Республикасидаги энергетика объектларида таъмирлаш ишларининг бориши ўрганилмоқда. Жумладан, Кегейли туманидаги 316-сонли трансформатор пунктида 0,4 кВ ҳаво тармоғини тортиш ишларини бажараётган бригада фаолияти текширилганда, хавфсизлик техникаси қоидалари бузилгани аниқланди. Натижада ишчилар иш жойидан четлаштирилди.
Назоратнинг яна бир муҳим йўналиши истеъмолчиларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ. Бу борадаги ўрганишлар айрим ҳолларда ҳисоб-китобларни қайта кўриб чиқиш ҳамда асоссиз тўловларни бекор қилиш имконини бермоқда. Масалан, Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги "Буюк Турон" МФЙда фуқаро М.Ҳ.га қарашли бино учун табиий газдан фойдаланиш қоидалари бузилгани юзасидан ҳисобланган 316,4 миллион сўмлик жарима қайта ўрганилди. Текширув давомида қўлланилган уч коэффициент чегирилиб, қайта ҳисоб-китоб амалга оширилди. Натижада фуқарога нисбатан ортиқча ҳисобланган тўлов бекор қилинди.
Бироқ истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш билан бир қаторда, энергия ресурсларидан ўзбошимчалик билан фойдаланишга қарши кураш ҳам долзарблигича қолмоқда. Бунинг яққол мисолини Фарғона вилоятида ўтказилган назорат тадбирида кўриш мумкин. "Ҳудудгаз Фарғона" ГТФ билан ҳамкорликдаги текширувда Марғилон шаҳрида фуқаро И. Б. га қарашли бинода газ тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб, табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келингани аниқланди. Ҳисоб-китобларга кўра, бунинг оқибатида газ таъминоти корхонасига 114 миллион сўмлик зарар етказилган.
Газ билан боғлиқ қоидабузарликлар фақат тармоққа рухсатсиз уланиш билан чекланмаяпти. Аҳолига мўлжалланган суюлтирилган газ баллонларининг ноқонуний муомалага киритилиши ҳам жиддий муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. ДХХ, БП, ИИВ, ФВВ, "Ўзэнергоинспекция" ҳамда "Ҳудудгазтаъминот" АЖ ходимлари иштирокида ўтказилган қўшма тадбирларда бундай ҳолатларнинг бир нечтаси фош этилди.
Газ баллонларини белгиланган хавфсизлик талабларига зид равишда кўп миқдорда сақлаш ёнғин ва портлаш хавфини келтириб чиқаради. Бу эса нафақат қоидабузарларнинг, балки уларнинг оила аъзолари, қўшнилари ва атрофдаги бошқа фуқароларнинг ҳаётига ҳам таҳдид солади.
Муаммонинг кўлами умумий рақамларда ҳам яққол намоён бўлмоқда. Жорий йилнинг 20 октябридан буён республика бўйича 370 та ҳолатда жами 9 минг 455 та газ баллони ноқонуний сақланаётгани аниқланган. Улардаги суюлтирилган газ миқдори 102 158 килограммни ташкил этган.
Умуман олганда, бундай назорат тадбирлари энергетика соҳасида қонунийликни мустаҳкамлаш, ресурслар талон-торожининг олдини олиш ва истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади. Энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва хавфсизлик қоидаларига риоя этиш эса ҳар бир фуқаронинг масъулиятидир.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева
ёзиб олди.