35 йил халқ билан бир сафда
Навоий шаҳрида “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари ташкил этилганлигининг 35 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Таъкидланганидек, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, аввало, инсон қадрини улуғлаш, халқ манфаатларини таъминлаш, очиқлик ва шаффофликни мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Бу жараёнда оммавий ахборот воситалари, хусусан, матбуотнинг ўрни ва масъулияти янада ортиб бормоқда.

Албатта, ислоҳотлар самараси халқ ҳаётидаги ижобий ўзгаришларда намоён бўлади. Ана шу ўзгаришларни холисона ёритиш, эришилаётган натижаларни аҳолига етказиш, шу билан бирга, одамларни ўйлантираётган масалаларни жамоатчилик эътиборига ҳавола этиш эса ҳар бир оммавий ахборот воситасидан алоҳида масъулият талаб этади. Нуфузли нашрларидан бири — “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари эса ушбу йўналишда энг кўзга кўринган ОАВларидан биридир.
Жорий йилда ушбу нашрнинг ташкил этилганига 35 йил тўлади.

– 35 йил - тарих учун қисқа вақт бўлиши мумкин. Аммо, ўтган давр мобайнида юртимизда мисли кўрилмаган ўзгаришлар юз берди. Бу ўзгаришлар эса матбуотимизда кенг ёритилмоқда. Бунда, албатта, “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталарининг алоҳида ўрни бор. Ушбу нашрлар мамлакатдаги муҳим сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий жараёнларни ёритиш, ислоҳотлар мазмун-моҳиятини тушунтириш, халқни ўйлантираётган масалаларни кенг жамоатчиликка етказиш орқали ахборот макони ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда, – дейди Сенатор, Ўзбекистон Қаҳрамони Қувондиқ Саноқулов.


Нашрнинг 35 йиллиги муносабати билан “35 йил халқ билан ҳамнафас” эсдалик кўкрак нишони таъсис этилди. Ушбу нишон билан Навоий вилоятида бир гуруҳ матбуот вакиллари ҳам тақдирланди. Бу эътироф журналистика соҳасида фаолият юритаётган мутахассисларни халқ манфаатлари йўлида холис ва самарали меҳнат қилишга руҳлантириши аниқ.
А.Бўриев, ЎзА мухбири