Болалар онкологияси: дори воситалари билан узлуксиз таъминлашнинг янги механизмлари
Дунё тиббиётида болалар онкологиясини даволаш самарадорлигини ошириш нафақат илғор муолажалар, балки ҳаётий муҳим препаратларнинг узлуксиз таъминоти ва уларни оқилона бошқариш билан чамбарчас боғлиқ ҳисобланади. Хусусан, бугунги кунда дори воситаларига бўлган эҳтиёжни чуқур илмий асосда прогноз қилиш ва захираларни шакллантириш тизимини такомиллаштириш соҳадаги энг долзарб вазифалардан бирига айланган.
Тошкент шаҳрида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ва St. Jude болалар тадқиқот шифохонаси ҳамкорлигида ташкил этилган амалий тренинг юртимизнинг барча ҳудудларидан келган соҳа мутахассисларини бирлаштирди. Болалар онкологияси муассасаларининг етакчи шифокорлари, малакали ҳамширалар ва фармацевтлар, шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда ЮНИСЕФ экспертлари иштирок этган мазкур мулоқот давомида дори воситаларига бўлган талабни илмий асосланган ҳолда аниқ ҳисоблаш, беморга нисбатан зарур эҳтиёж ҳамда етказиб бериш кўрсаткичларини чуқур солиштириш кўникмалари пухта ўзлаштирилди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур тренинг халқаро миқёсдаги кенг қамровли ташаббусларнинг узвий давоми бўлиб, у «Саратон касаллигига чалинган болаларни дори воситалари билан таъминлаш бўйича Global платформа» доирасида ўтказилди. Бу эса мамлакатимизда болалар онкологияси бўйича шаклланган миллий ёрдам кўрсатиш тизимини янада мустаҳкамлаш, илғор халқаро стандартларни босқичма-босқич татбиқ этиш ҳамда мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш имкониятларини сезиларли даражада кенгайтиради.
Зеро, дори воситаларини прогноз қилиш ва захираларни бошқариш механизмини такомиллаштириш орқали ҳар бир беморнинг ўз вақтида зарур препарат билан таъминланишига эришилади, бу эса келажакда даволаш натижадорлигини янада оширишда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА