Магистрал газ қувурлари муҳофаза ҳудудларида қурилмалар сони қирқтага камайди
Магистраль газ қувурлари атрофидаги муҳофаза ҳудудларида қурилиш ишларини назорат қилиш, мавжуд қурилмаларни хавфсиз ҳудудга кўчириш ва янги ноқонуний қурилишларнинг олдини олиш газ транспорти тизимининг хавфсиз ишлашини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Бу ҳақда "Ўзтрансгаз" АЖ Магистрал газ қувурларини эксплуатация қилиш департаменти бошлиғи Ўткир Нуриддинов қуйидагиларни маълум қилди:
- Айни пайтда "Ўзтрансгаз" акциядорлик жамияти томонидан 14 минг километрга яқин магистрал газ қувурларига хизмат кўрсатилмоқда. Ушбу қувурлар орқали юқори босимли табиий газ ташилади ва улар атрофида муҳофаза ҳудудлари белгиланган.
Магистрал газ қувурлари атрофидаги ерлардан фойдаланиш тартиби белгиланган меъёр ва талаблар асосида тартибга солинади. Қувурлар атрофидаги муҳофаза ҳудудларида қурилиш ишларини амалга оширишда хавфсизлик талабларига риоя этиш, мавжуд қурилмаларни белгиланган тартибда жойлаштириш ва ноқонуний қурилишларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
2026 йил 1 январь ҳолатига "Ўзтрансгаз" АЖ тасарруфидаги магистрал газ қувурлари ва тармоқларининг муҳофаза зоналарида жами 2 753 та қурилма мавжуд бўлган. 26 октябрь ҳолатига келиб, уларнинг сони 40 тага камайтирилиб, 2 713 тага туширилган.
Ҳозирда муҳофаза зоналарида мавжуд қурилмалар ҳудудлар кесимида қуйидагича тақсимланган. Бухоро вилоятида 480 та қурилма мавжуд бўлиб, уларнинг 370 таси аҳоли хонадонларидир. Навоий вилоятидаги 240 та қурилманинг 230 таси, Қашқадарё вилоятидаги 23 та қурилманинг 18 таси аҳоли хонадонларини ташкил этади.
Сурхондарё вилоятида 582 та қурилманинг 578 таси, Самарқанд вилоятидаги 422 та қурилманинг 346 таси, Жиззах вилоятидаги 276 та қурилманинг 263 таси аҳоли хонадонларига тўғри келади.
Сирдарё вилоятидаги 75 та қурилманинг 64 таси, Тошкент вилоятидаги 345 та қурилманинг 275 таси аҳоли хонадонларидир. Фарғона ва Андижон вилоятларида жами 148 та қурилма мавжуд бўлиб, уларнинг 116 таси аҳоли хонадонларини ташкил этади. Наманган вилоятида эса 121 та қурилманинг 109 таси аҳоли хонадонларидир.2 713 та қурилманинг 2 369 таси аҳоли хонадонлари, 78 таси иссиқхоналар бўлиб, қолган 266 таси ишлаб чиқариш объектлари ва нотурар бино-иншоотлардан иборат.
Муҳофаза ҳудудларида қурилиш ишларининг олдини олиш мақсадида тарғибот ва профилактика тадбирлари ҳам олиб борилмоқда. Жумладан, оммавий ахборот воситаларида, хусусан, телевидение ва газеталарда 18 марта чиқиш қилинган, аҳоли ва тадбиркорлар учун 25 марта профилактик тадбир ўтказилган.
Шунингдек, 4 711 та қурилма эгасига ва 3 600 дан ортиқ ер эгасига огоҳлантириш хатлари тарқатилиб, тегишли далолатномалар расмийлаштирилган. Маҳаллий давлат органларига эса 283 та мурожаат хати юборилган.
Муҳофаза ҳудудларидаги қурилмаларни хавфсиз жойларга кўчириш бўйича суд ишлари ҳам олиб борилмоқда. Жами 1 499 та қурилмани кўчириш юзасидан судларга даъво аризалари киритилган бўлиб, уларнинг 1 082 таси бўйича ижобий ҳал қилув қарорлари қабул қилинган.
Умуман, магистрал газ қувурлари муҳофаза ҳудудларидаги мавжуд қурилмаларни камайтириш, ердан фойдаланиш талабларига риоя этилишини таъминлаш ва аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини кучайтириш газ таъминоти инфратузилмаси хавфсизлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Бунда профилактик тадбирлар, маҳаллий давлат органлари билан ҳамкорлик ва суд қарорларининг ижроси мавжуд муаммоларни босқичма-босқич ҳал этишга хизмат қилади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА