Тўловга қобилиятсизликка оид қонунчиликни қўллашда юзага келаётган долзарб масалалар кўриб чиқилди
2026 йил 6 май куни “Тўловга қобилиятсизлик институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинган.
Мазкур ҳужжат тадбиркорлик фаолиятини барқарор ривожлантириш, судгача санация амалиётини кенгайтириш, иқтисодий жиҳатдан ҳаётий муҳим корхоналарни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, тўловга қобилиятсизлик соҳасида замонавий, шаффоф ва рақамлаштирилган бошқарув тизимини жорий этиш ҳамда давлат бошқаруви самарадорлигини оширишга қаратилган.
Фармон асосида 2026 йил 1 июндан бошлаб тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишларни кўриш бўйича судьялар ихтисослаштирилди. Ушбу тоифадаги ишлар тадбиркорлик субъектлари, кредиторлар, ходимлар ҳамда ишбилармонлик муҳити манфаатларига бевосита таъсир кўрсатади. Шу боис мазкур ишларни кўришда суд амалиётининг бир хиллиги алоҳида аҳамият касб этади.
Олий судда тўловга қобилиятсизлик ишлари бўйича ихтисослаштирилган судьялар иштирокида ўтказилган давра суҳбатида шу ҳақда фикр алмашилди. Осиё тараққиёт банки ва Германиянинг Конрад Аденауэр жамғармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Олий суд вакиллари, ҳудудий судлар судьялари ва халқаро экспертлар иштирок этди.
Давра суҳбати ихтисослаштирилган судьялар ўртасида профессионал мулоқотни йўлга қўйиш, тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги қонунчиликни қўллашда юзага келаётган долзарб масалаларни муҳокама қилиш ва уларни ҳал этиш бўйича ягона ёндашувларни ишлаб чиқишга қаратилди.

Тадбир давомида иштирокчилар суд амалиётида учраётган муаммоли ҳолатлар ва уларнинг ечимлари, қарздорни соғломлаштириш ва тугатиш тартиб-таомилларини қўллаш хусусиятлари, кредиторлар ва қарздор манфаатлари ўртасида мувозанатни таъминлаш, тўловга қобилиятсизлик соҳасидаги хорижий тажриба ва халқаро стандартлар ҳақида мулоҳазаларини билдирди.
Халқаро экспертлар хорижий мамлакатлар тажрибаси, ушбу соҳада самарадорлигини исботлаган механизмлар ва уларни миллий амалиётга татбиқ этиш имкониятлари ҳақида маълумот берди.

Тадбирда Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимини ривожлантириш, судьялар малакасини ошириш ва тўловга қобилиятсизлик соҳасидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаб келаётган Осиё тараққиёт банки ҳамда Конрад Аденауэр жамғармасига миннатдорлик билдирилди. Халқаро шериклар билан изчил ҳамкорлик амалга оширилаётган ислоҳотларнинг барқарорлиги ва самарадорлигини таъминлашда муҳим омил экани қайд этилди.
Муҳокама натижалари бўйича билдирилган таклиф ва тавсиялар умумлаштирилиб, суд амалиётини такомиллаштиришда инобатга олиниши маълум қилинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА