Коррупцияга қарши курашда ҳалоллик ва ҳуқуқий маданият асосий омилдир
Навоий вилоятининг Хатирчи ва Кармана туманлари ҳамда Навоий шаҳрида БМТ Тараққиёт Дастури ва Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган “Ўзбекистонда коррупцияга қарши миллий экотизимни мустаҳкамлаш” қўшма лойиҳаси доирасида тизимли тарғибот ва амалий тадбирлар ташкил этилди.
Тадбирларда аҳолининг ҳуқуқий ва рақамли саводхонлигини ошириш, давлат хизматларидан мустақил фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш ҳамда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни мустаҳкамлаш ҳақида сўз юритилди.

– Лойиҳаларнинг 11 таси маҳаллаларда аҳоли билан ўтказилган амалий учрашувлар, тарғибот машғулотлари ва хонадонбай мулоқотлардан, 5 таси эса таълим муассасаларида ёшлар ўртасида ташкил этилган “Биз коррупцияга қаршимиз!” ижодий танловларидан иборат бўлди, – дейди лойиҳанинг вилоятдаги вакили Гулҳаё Равшанова. – Тадбирлар Хатирчи туманидаги Икром Карвон, Хўжақўрғон ва Жалойир, Кармана туманидаги Азамат ва Зиёкор, Навоий шаҳридаги Меъморлар, Ўзбекистон, Зарафшон ва Чинор маҳаллаларини, шунингдек, Навоий шаҳридаги иккита таълим муассасасини қамраб олди. Уларда аҳолининг турли қатламлари, жумладан, хотин-қизлар, ёшлар, талабалар, кексалар ва ижтимоий кўмакка муҳтож фуқаролар билан манзилли ишлашга эътибор қаратилди.
Тадбирларда иштирокчиларга my.gov.uz, soliq.uz va e-anticor.uz платформаларидан фойдаланиш, электрон аризалар юбориш, зарур маълумотномаларни олиш, давлат хизматларидан фойдаланиш, коррупцияга оид ҳолатлар ҳақида хабар бериш имкониятлари тушунтирилди.

Молиявий саводхонлик ва киберхавфсизлик бўйича мулоқотларда эса банк карталари, шахсий маълумотлар ва тасдиқлаш кодларини ҳимоя қилиш, СМС-код ва ПИН-кодларни бегоналарга бермаслик, шубҳали ҳаволалардан эҳтиёт бўлиш ҳамда кредит масалаларида масъулиятли қарор қабул қилиш юзасидан тавсиялар берилди.
Ёшлар ўртасидаги ижодий танловлар орқали эса ҳалоллик, адолат, қонунийлик ва коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Маҳалла ва таълим муассасаларини қамраб олган ушбу ёндашув коррупциянинг олдини олишда ҳуқуқий билим, рақамли кўникма, очиқ мулоқот ва шахсий масъулиятнинг ўзаро боғлиқлигини кўрсатади. Келгусида бундай тадбирларни изчил давом эттириш аҳолининг давлат хизматларидан мустақил фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, ортиқча оворагарчилик ва воситачилик хавфини камайтириш ҳамда жамиятда ҳалоллик тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири