ФОТОРЕПОРТАЖ
Жиззах вилояти Зомин туманидаги “Навоий кон-металлургия комбинати” (НКМК) санаторийсида “Миллий журналистика: анъаналар давомийлиги ва замонавийлик” мавзусида медиа-форум бўлиб ўтмоқда.
Навоий кон-металлургия комбинати ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ҳамкорлигида иккинчи бор ташкил этилган мазкур форумда маҳаллий ёш журналист ва блогерлар билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси, Тожикистоннинг “Жумҳурият” газетаси, Буюк Британиянинг “Рейтер”, Эроннинг “Фарс ньюс”, Озарбайжоннинг “Азертаж”, Қирғизистоннинг “Кабар” ахборот агентликлари, Туркиянинг “ТРТ” телеканали вакиллари ҳам иштирок этмоқда.
Форумнинг илк куни Самарқанд вилоятида ўтказилиб, дастлаб иштирокчилар “Зармитан” олтин конидаги жараёнлар, ёпиқ усулда маъданни қазиб олиш, Заркент қўрғонида олиб борилаётган йирик иқтисодий лойиҳалар билан танишди.
[gallery-9669]
20 ноябрь куни эса НКМКнинг Жиззах вилояти Зомин туманида жойлашган санаторийсида медиа-форумнинг тантанали очилиш маросими ўтказилиб, унда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси О. Ўсаров қатнашчиларни тадбирнинг мақсади ва белгиланган тадбирлари билан таништирди. Шундан сўнг комбинатнинг Жамоатчилик билан алоқалар бўйича директори Х. Раупов сўзга чиқиб, НКМК миқёсида амалга оширилаётган кенг кўламли лойиҳалар ва мазкур жараёнларни дунё миқёсида ОАВда кенг ёритиш масалалари хусусида тўхталди. Очилиш маросимидан сўнг, “Тадбирни онлайн ёритишнинг ўзига хос хусусиятлари ёхуд ёш журналистларга тавсиялар” мавзусида Туркиянинг “ТРТ” телерадиокомпанияси Ўзбекистондаги бюроси раҳбари Низом Шаҳин ва мазкур телеканал мухбири Ш. Олимов томонидан маҳорат машғулоти ўтказилди.
– 2,5 йилдан буён Ўзбекистонда фаолият олиб бораман, - дейди Низом Шаҳин. – Вазифамиз Ўзбекистондаги муҳим воқеаларни асосан Туркия миқёсида ва Туркия орқали бутун дунёда эълон қилишдан иборат. Айтиш лозим, бугунги кунда Ўзбекистон ўз салоҳиятини қадам-бақадам дунёга намойиш этиб келмоқда. Бу жараёнда журналистлар фаоллиги муҳим бўлаётир. Албатта, журналист аввало ўз миллати дарди билан яшайдиган инсон. Бирор бир соҳа вакили ўз тизимидаги муаммолар юзасидан қайғурса, журналист бутун миллат ташвиши хусусида фикр юритади.
Форум давомида “Янгиликлар халқаро ахборот агентликларида қандай тамойил асосида ёритилади?”, “Компанияларнинг ОАВ билан ишлашида замонавий талаблар” каби мавзуларда медиа-тренинглар бўлиб ўтиши режалаштирилган. Бундан ташқари, журналистлар саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида санаторийда даволаш муолажалари ҳам олиб борилаяпти.
Медиа-форум 23 ноябрга қадар давом этади.
Сирож АСЛОНОВ (сурат), ЎзА