Медиа-марказ иш бошлашга тайёр (+видео)
Жорий йил 27-30 июнь кунлари Жиззах вилоятининг Зомин туманидаги “Зоминсой” дам олиш мажмуасида II халқаро мақом санъати анжумани бўлиб ўтиши ҳақида аввал хабар берган эдик.
Ана шу халқаро аҳамият касб этувчи нуфузли анжуманда дунёнинг 40 дан ортиқ давлатидан иштирокчилар, 70 дан зиёд давлатидан меҳмонлар ва, албатта, хорижий, марказий ҳамда маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг вакиллари келиши ҳам назарда тутилган.
Яна икки кундан сўнг бошланажак ушбу анжуманга Зомин туманида сўнгги тайёргарлик ишлари қизғин бормоқда.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Туризм қўмитаси, Жиззах вилояти ҳамда Зомин тумани ҳокимликлари ва мутасадди идоралар ҳамкорлигида ташкил этилаётган ушбу халқаро анжуман тумандаги “Зоминсой” дам олиш мажмуасида янгидан барпо этилган амфитеатрда ўтказилади.

Бугун сизга намойиш этмоқчи бўлган видеолавҳамизда айнан ушбу нуфузли фестивални бевосита тўғридан-тўғри ёритишга масъул бўлган оммавий ахборот воситаларининг анжуман давомида фаолият юритиши учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида қисқача тўхталиб ўтишни лозим топдик.
ОАВ вакиллари учун ташкил этилган Медиа-марказ фестивалнинг асосий тадбирлари ўтадиган амфитеатрнинг жанубий- ғарбий томонида қад ростлаган “Миллий маркет” биносининг 2-қаватида жойлашган бўлиб, ОАВ вакиллари ўша бинодан туриб барчаси кафтдек кўриниб турган фестиваль жараёнларини бемалол унинг ойналаридан кузатишлари ҳам мумкин. Ёки асосий тадбирлар ўтадиган амфитеатрга 50-60 метр тушиб келиб, бемалол анжуманни томоша қилиши, репортажлар тайёрлаши, иштирокчилар билан суҳбатлар уюштириши, бетакрор мақом санъати намойишларидан лавҳалар тайёрлаши мумкин бўлади.

Медиа-марказ учун ажратилган хонада 20 та моноблок ўрнатилган, бу ерга интернет тармоғи тортилган. Қисқа қилиб айтганда,ушбу залда ўтириб дунёнинг хоҳлаган нуқтаси билан интернет тармоғи орқали уланиш имконияти мавжуд.
Булардан ташқари, марказда 30-40 киши иштирокида матбуот анжумани ўтказиш учун алоҳида, 15-20 кишилик давра суҳбатлари ташкил этиш учун алоҳида жойлар қилинган бўлиб, журналистлар учун барча шароит яратилган.
<iframe width="853" height="480" src="https://www.youtube.com/embed/69dJvgipbIY" title="Media-markaz ish boshlashga tayyor" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>II халқаро мақом санъати анжуманини акс эттирувчи паннолар ва Медиа-марказни англатувчи плакатлар ушбу зал ичкари ва ташқарисига илиниб, марказ фаолиятини бошлашга тайёр ҳолатга келтирилган.
Абдужалол Қаюмов (видео),
ЎзА мухбири