Тошкент медиафоруми: миллий контентни ривожлантириш, янги медиа имкониятлари ва тажриба алмашинуви
Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган Ўзбекистон – Россия III медиа форуми икки мамлакат ахборот маконидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, замонавий медиа тенденцияларни муҳокама қилиш ҳамда истиқболли ташаббусларни илгари суришда муҳим майдон бўлиб хизмат қилади.
Форум доирасида Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси Бош директори Раҳматжон Умаров замонавий ахборот маконидаги ўзгаришлар, миллий медиа соҳаси ривожланиш босқичлари ва халқаро ҳамкорликнинг амалий аҳамияти юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Қайд этилганидек, бугунги кунда медиа соҳаси шунчаки ахборот тарқатиш воситаси эмас, балки жамият тафаккури, давлатлар ўртасидаги мулоқот ва халқаро муносабатларга бевосита таъсир кўрсатувчи муҳим институтга айланган. Рақамли технология, сунъий интеллект ва ижтимоий платформалар ахборотни ишлаб чиқариш ва фойдаланувчига етказиш механизмини тубдан ўзгартирмоқда. Айни жараён медиа ташкилотлар олдига нафақат технологияни янгилаш, балки касбий маҳорат, мазмун ва масъулиятга ҳам янгича ёндашувлар жорий этиш вазифасини қўймоқда.
Шу жиҳатдан форум кун тартибидан рақамли трансформация, СИ, ахборот хавфсизлиги ва замонавий медиа контент яратиш каби долзарб мавзулар ўрин олгани алоҳида эътироф этилди. Замонавий ахборот маконида рақобатбардош бўлиш учун технологияни нафақат ўзлаштириш, балки миллий манфаат, жамият эҳтиёжи ва аудитория ишончига хизмат қиладиган тарзда қўллаш устувор аҳамият касб этади.
[gallery-32416]
Таъкидланишича, бугун Ўзбекистонда медиа соҳасини ривожлантириш, нодавлат телерадиоканаллар, интернет нашрлари ва рақамли платформалар фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида янги имкониятлар шаклланмоқда. Мамлакатимизда кенг аудиторияга эга марказий телеканаллар билан бир қаторда, ҳудудларда ўз ўрни ва муштарийларини топаётган маҳаллий оммавий ахборот воситалари ҳам фаол ишлаяпти.
Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси раҳбари сўзларига кўра, бугунги кунда медиа ташкилотларининг эҳтиёжи турлича: айримлари учун замонавий технологияни жорий этиш, бошқалари учун ижодий ходимлар малакасини ошириш, яна бирлари учун эса миллий контентни рақамли платформалар орқали кенг оммага етказиш устувор вазифа ҳисобланади. Халқаро ҳамкорлик айнан шу эҳтиёжларга амалий ечим топиш, илғор тажрибани ўзлаштириш ва янги лойиҳалар йўлга қўйишга хизмат қилиши лозим.
Россиялик ҳамкасблар билан мулоқотда телевизион маҳсулот ишлаб чиқариш, рақамли медиа, контент тарқатиш ва мутахассислар тайёрлаш борасидаги тажриба алмашинуви муҳим ўрин эгаллайди. Қолаверса, республикамизда шаклланаётган янги медиа форматлар, маҳаллий ижодий жамоалар тажрибаси ва миллий медиа маҳсулотлар ҳам хорижий ҳамкорларда жиддий қизиқиш уйғотмоқда. Бу ҳолат ҳамкорлик жараёни бир томонлама эмас, балки ўзаро манфаатли билим ва имкониятлар алмашинуви асосида қурилиши зарурлигини кўрсатади.
Келгусида икки мамлакат медиа соҳаси вакиллари ўртасида қуйидаги истиқболли йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш мақсадга мувофиқ экани қайд этилди:
туризм, спорт, иқтисодиёт, фан ва инновация йўналишларида қўшма медиа лойиҳалар амалга ошириш;
журналистлар учун малака ошириш дастурлари ташкил этиш ва ижодий жамоалар ўртасида бевосита алоқаларни йўлга қўйиш;
ҳудудий ва нодавлат оммавий ахборот воситалари вакиллари халқаро ҳамкорлик имкониятидан кенг фойдаланиши учун шароит яратиш.
Шунингдек, миллий контентнинг халқаро ахборот маконидаги ўрнини мустаҳкамлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Сифатли медиа маҳсулот рақамли платформа орқали муайян мамлакат чегарасидан чиқиб, кенг оммага етиб бориши маданий, иқтисодий ва интеллектуал салоҳиятимиз хорижда кенг намоён бўлиши, диёримиз ҳақидаги холис ахборот халқаро майдонда кўпайиши учун қулай имкониятдир.
Хулоса сифатида таъкидланганидек, медиа соҳасидаги халқаро ҳамкорлик миллий ахборот макони рақобатбардошлигини ошириш, сифатли контент яратиш, журналистлар салоҳиятини юксалтириш ва давлатлар ўртасидаги ўзаро англашувни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Ўзбекистон – Россия III медиа форуми доирасидаги учрашув ва муҳокамалар бу борада аниқ амалий натижага, янги профессионал алоқалар ва қўшма ташаббусларга мустаҳкам замин яратади.
Абдуазиз Хидиров, ЎзА мухбири