Зиёлилар – миллий юксалиш таянчи
Тошкент вилоятида "Ўзбекистон зиёлилари кенгаши"нинг ҳудудий йиғилиши ўтказилди. "Янги Ўзбекистон зиёлилари – миллий юксалиш таянчи" шиори остида ташкил этилган тадбирда ҳудуд зиёлиларининг жамият ҳаётидаги ўрни ва масъулияти, маънавий-маърифий соҳадаги долзарб масалалар ҳамда истиқболдаги вазифалар муҳокама қилинди.
Йиғилишнинг очилиш маросимида Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг биринчи ўринбосари Эъзозхон Каримова, Тошкент вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Отабек Султонбеков, зиёлилар, нуронийлар ҳамда жамоат фаоллари иштирок этди.

Сўзга чиққанлар кенгаш фаолиятининг мазмун-моҳияти, унинг олдида турган устувор вазифалар, зиёлиларнинг жамият тараққиётидаги ўрни ва ижтимоий масъулияти хусусида фикр билдирди.
Бугунги янгиланишлар даврида илм-фан, таълим, маданият ва маънавият соҳалари вакилларининг фаоллигини ошириш, ёш авлод қалбида миллий қадриятларга ҳурмат, Ватанга дахлдорлик туйғуси ва юксак маънавий фазилатларни шакллантиришда зиёлиларнинг таъсирини кучайтириш муҳимлиги таъкидланди. Шунингдек, жамиятда соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, турли ёт ғояларга қарши маърифат билан курашишда кенгаш аъзоларининг имкониятларидан самарали фойдаланиш масалаларига эътибор қаратилди.

Шундан сўнг иштирокчилар йўналишлар бўйича гуруҳларга ажралиб, махсус хоналарда ташкил этилган машғулотларда қатнашди. Уларда ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илғор тажрибаларни оммалаштириш, мавжуд муаммолар юзасидан фикр алмашиш ҳамда маънавий-маърифий фаолият самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Икки кунлик тадбирлар давомида ҳудудлардаги зиёлиларнинг жамият ҳаёти ва тараққиётига оид фикр-мулоҳазаларини тинглаш, жойларда кўтарилаётган долзарб ижтимоий-маънавий масалаларни очиқ мулоқот шаклида муҳокама қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Мавжуд муаммолар ечими бўйича илмий асосланган амалий таклиф ва ташаббусларни ишлаб чиқиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Хусусан, муҳокамаларда мамлакатимизда инсон капиталини ривожлантириш, глобаллашув шароитида ёш авлоднинг мафкуравий ва рақамли иммунитетини шакллантириш, ахборот маконида соғлом муҳитни қарор топтиришнинг таъсирчан механизмларини йўлга қўйиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, оила, маҳалла ва таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида таклиф ва ташаббуслар билдирилди.

Йиғилишда илгари сурилган таклиф ва ташаббусларни умумлаштириб, Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Ўзбекистон зиёлилари кенгаши”нинг республика йиғилишига тақдим этиш назарда тутилган.
А.Мусаев, ЎзА