Зиёлилар мулоқоти: Миллий юксалиш йўлида янги ташаббуслар ва дахлдорлик масъулияти
Ҳар қандай давлатнинг тараққиёти, аввало, унинг интеллектуал салоҳияти, илм-фан ва маърифат даражаси, жамиятдаги ижтимоий тафаккур ва янгиликка интилиш муҳити билан белгиланади. Бу жараёнда зиёлилар нафақат билим ва тажриба эгалари, балки жамиятнинг маънавий йўналишини белгилайдиган, ижтимоий фикрни шакллантирадиган ва миллий тараққиётга ғоявий замин яратадиган муҳим куч ҳисобланади.
Бугунги глобаллашув, ахборот хуружлари ва кескин рақобат шароитида зиёлиларнинг жамият олдидаги масъулияти янада ортмоқда. Улардан фақат ўз соҳасидаги ютуқлар билан чекланиш эмас, балки мамлакат тараққиётига дахлдор масалаларга нисбатан фаол фуқаролик позициясини намоён этиш, илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқиш ва жамиятни эзгу мақсадлар атрофида бирлаштириш ҳам талаб этилмоқда.
“Янги Ўзбекистон зиёлилари — миллий юксалиш таянчи!” ғояси остида Ўзбекистон зиёлилари кенгашининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳудудий йиғилишларини ташкил этиш муҳим ижтимоий-сиёсий ва маърифий аҳамият касб этмоқда. Мазкур мулоқотлар мамлакатнинг интеллектуал салоҳиятини бирлаштириш, турли соҳаларда тўпланган тажриба ва билимларни умуммиллий тараққиёт мақсадларига йўналтиришга хизмат қилади.
Хоразм вилоятида мазкур мулоқот Урганч давлат университетида ташкил этилди. Унда таниқли олимлар, академиклар, профессор-ўқитувчилар, ёзувчи ва шоирлар, маданият ва санъат намояндалари, шунингдек, ташаббускор ёшлар иштирок этди.
Мулоқотнинг асосий мақсади зиёлиларнинг мамлакат ва ҳудуд тараққиётидаги ўрнини янада ошириш, илм-фан, таълим, маънавият, адабиёт ва маданият соҳаларидаги долзарб муаммоларни очиқ муҳокама қилиш, шунингдек, уларнинг ечимига қаратилган амалий таклиф ва ташаббусларни шакллантиришдан иборат бўлди.
Тадбирнинг муҳим жиҳати шундаки, у анъанавий маърузалар ва умумий фикрлар алмашинуви билан чекланмасдан, иштирокчиларни аниқ йўналишлар бўйича фикрлашга, мавжуд муаммоларга ечим излашга ва истиқболдаги вазифаларни белгилашга йўналтирди.
Мулоқотнинг биринчи куни иштирокчилар еттита шўъбага бўлинган ҳолда ўз соҳаларига дахлдор масалаларни муҳокама қилди. Бундай ёндашув турли йўналиш вакилларига ўз соҳасидаги муаммоларни чуқурроқ таҳлил қилиш, мавжуд тажрибани умумлаштириш ва янги ташаббусларни илгари суриш имконини берди.
Муҳокамалар жараёнида билдирилган фикрларнинг аҳамияти уларнинг долзарблиги билангина эмас, балки амалиётга татбиқ этиш имкониятлари билан ҳам белгиланади. Зеро, илм-фан ва таълим сифати, ёш авлоднинг интеллектуал салоҳияти, миллий қадриятларни асраб-авайлаш, маданий меросни ривожлантириш каби масалалар алоҳида соҳа доирасида эмас, балки ўзаро узвий боғлиқ ҳолда ҳал этилиши лозим.
Мулоқотнинг иккинчи куни шўъбалардаги муҳокамалар натижалари умумлаштирилиб, илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар кенг иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди. Шўъба модераторларининг чиқишлари орқали ҳар бир йўналишда кўтарилган масалалар, уларнинг ечими бўйича қарашлар ва истиқболда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар баён қилинди.
Бу эса ҳудудий мулоқотнинг асосий мазмунини — турли соҳалардаги билим ва тажрибани умумий мақсад атрофида жамлаш, муаммоларни аниқлаш ва улар юзасидан асосланган таклифлар ишлаб чиқишни таъминлашга хизмат қилди.
Хоразм азалдан илм-фан, маърифат, адабиёт ва санъат ривожига улкан ҳисса қўшган алломалар ва мутафаккирлар юрти сифатида танилган. Бугунги авлод зиёлилари зиммасида ана шу бой интеллектуал ва маънавий меросни давом эттириш, уни замонавий билим ва технологиялар билан уйғунлаштиришдек муҳим вазифа турибди.
Шу маънода, ҳудудий мулоқот Хоразм зиёлиларининг мавжуд илмий ва ижодий салоҳиятини намоён этиш, уларнинг таклифларини умуммиллий муҳокамага олиб чиқиш учун муҳим майдон бўлди. Чунки миллий юксалиш, энг аввало, инсон капиталига инвестиция киритиш, билимли ва мустақил фикрлайдиган авлодни тарбиялашдан бошланади.
Муҳокамалар давомида ишлаб чиқилган таклифларни тизимлаштириш, уларнинг амалий аҳамиятини баҳолаш ҳамда республика миқёсидаги йиғилишда кўриб чиқишга тақдим этиш муҳим босқич ҳисобланади. Бу орқали ҳудудлардаги долзарб масалалар ва маҳаллий зиёлиларнинг ташаббуслари умуммиллий тараққиёт кун тартибига олиб чиқилади.
Хулоса қилиб айтганда, “Янги Ўзбекистон зиёлилари — миллий юксалиш таянчи!” ғояси остида ўтказилаётган мулоқотлар зиёлилар олдига янги вазифаларни қўйиш билан бирга, уларнинг жамият тараққиётидаги масъулиятини ҳам янада оширади.
Зеро, миллий юксалиш фақат иқтисодий ислоҳотлар ёки янги инфратузилмалар барпо этиш билан чекланмайди. Унинг мустаҳкам пойдевори билимли авлод, юксак маънавият, мустақил тафаккур ва жамият тақдирига дахлдорлик ҳиссига эга инсонлар орқали яратилади. Зиёлиларнинг сўзи амалий ташаббусга, ташаббуси эса аниқ натижага айлангандагина улар ҳақиқатан ҳам миллий юксалишнинг мустаҳкам таянчига айланади.
Зайнаб Машарипова,
Демократик жараёнларни таҳлил
қилиш маркази Хоразм вилояти
бўлинмаси бош мутахасиси.