Зиёлилар – миллий юксалишнинг асосий таянчи
Бухоро давлат техника университетида Ўзбекистон зиёлилари кенгашининг Бухоро вилояти ҳудудий йиғилиши бўлиб ўтди.
«Янги Ўзбекистон зиёлилари – миллий юксалиш таянчи» шиори остида ташкил этилган тадбирда илм-фан, таълим, тиббиёт, адабиёт, санъат ва маданият соҳалари вакиллари, таниқли олимлар, ижодкорлар, жамоатчилик фаоллари ҳамда ёшлар иштирок этди.
Йиғилишда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида зиёлиларнинг ўрни ва ижтимоий масъулиятини янада ошириш, уларнинг интеллектуал салоҳиятидан самарали фойдаланиш, миллий ўзлик ва қадриятларни асраб-авайлаш, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масалаларига эътибор қаратилди.
Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Эркин Гадоев, сиёсий фанлар номзоди Нарзулла Жўраев, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари ўринбосари Зоҳид Тўрақулов ҳамда бошқалар маърузалар билан иштирок этди.
Маърузаларда бугунги тараққиёт босқичида зиёлилар зиммасига юклатилаётган вазифалар, жамият ҳаётида маънавият ва маърифатнинг аҳамияти, илм-фан ва таълим сифатини ошириш, ёшларнинг дунёқараши ҳамда интеллектуал салоҳиятини юксалтириш масалалари хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Таъкидланганидек, миллий юксалиш, аввало, билимли ва ташаббускор мутахассислар, илмий изланишлар, янгича тафаккур ва фидокорона меҳнат билан узвий боғлиқ. Шу боис зиёлиларнинг нафақат ўз касбий фаолиятида, балки жамиятда соғлом маънавий муҳитни шакллантириш, китобхонлик маданиятини юксалтириш, миллий қадриятларни кенг тарғиб этиш ва ёшларга ибрат бўлиш борасидаги масъулияти ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Анжуман доирасида ташкил этилган шўъба йиғилишларида соҳалар кесимидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди. Жумладан, таълим тизими сифатини яхшилаш, илмий ишланмаларни амалиётга кенг жорий этиш, тиббиёт хизматларини такомиллаштириш, маданият ва маънавий-маърифий фаолият самарадорлигини ошириш, ёшларнинг ижодий имкониятларини қўллаб-қувватлаш юзасидан фикр алмашилди.
Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов ҳам шўъба йиғилишларида иштирок этиб, соҳа вакиллари билан юзма-юз мулоқот қилди. Суҳбат давомида ҳудудда илм-фан, таълим, маданият ва маънавий-маърифий соҳаларни ривожлантириш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, зиёлиларнинг таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш масалалари кўриб чиқилди.

Мулоқотларда устоз-шогирд анъаналарини ривожлантириш, тажрибали мутахассисларнинг ёш кадрларга мураббийлик фаолиятини кучайтириш, таълим муассасалари ва маҳаллаларда маърифий тадбирлар кўламини кенгайтириш, шунингдек, ахборот маконида ишончли ва мазмунли контент яратиш зарурлиги алоҳида қайд этилди.
Йиғилиш якунида зиёлиларнинг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, уларнинг билим ва тажрибасини ҳудуд тараққиёти йўлида бирлаштириш, жамият ҳаётидаги фаоллигини янада ошириш муҳимлиги таъкидланди.
Зеро, миллий юксалишнинг мустаҳкам пойдевори илм-маърифат, юксак тафаккур ва масъулиятли меҳнат билан барпо этилади. Бу жараёнда зиёлиларнинг фаол фуқаролик позицияси, ташаббускорлиги ва жамият олдидаги масъулияти мамлакат тараққиётининг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.
Дилором ҒАФФОРОВА,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
Шофиркон туман бўлинмаси раҳбари
ЎзА