Замонавий тоғ туризми инфратузилмасини яратишда халқаро ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда
Ўзбекистонда тўрт фасл давомида сайёҳларни қабул қиладиган замонавий тоғ курортларини барпо этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар изчил давом этмоқда. Бу борада халқаро тажриба ва илғор технологияларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани мамлакат туризм салоҳиятини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Туризм қўмитасида Қўмита раиси Абдулазиз Аққулов Франциянинг MND (Montagne et Neige Développement) компанияси асосчиси ва директорлар кенгаши раиси Ксавье Галло-Лавалль билан учрашув ўтказди.
Учрашувда тўрт фасл давомида фаолият юритадиган халқаро “Чимён” курортини барпо этиш лойиҳасининг амалга оширилиш жараёни ҳамда мамлакатимизда замонавий тоғ-туризм инфратузилмасини шакллантириш бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Франциянинг MND компанияси тоғ курортлари инфратузилмасини яратишга ихтисослашган етакчи саноат гуруҳларидан бири ҳисобланади. Компания осма йўллар (канат йўллари), сунъий қор ҳосил қилиш тизимлари, қор кўчишидан муҳофаза иншоотлари ҳамда турли замонавий туристик аттракционларни лойиҳалаш ва қуриш соҳасида катта тажрибага эга. Бугунги кунда у дунёнинг 49 та мамлакатида 3 мингдан ортиқ ҳамкор билан ишлаб келмоқда.
“Чимён” курорти лойиҳаси доирасида MND компанияси курортнинг асосий инфратузилма объектлари учун юқори технологияли ускуналарни етказиб бериш ва уларни ўрнатиш ишларини амалга оширмоқда. Жумладан, замонавий канат йўллари, сунъий қор ҳосил қилиш тизимлари, қор кўчишидан ҳимоя иншоотлари ҳамда халқаро стандартларга мос туристик аттракционлар барпо этилмоқда.

Музокаралар чоғида лойиҳани белгиланган муддатларда якунлаш, қурилиш жараёнида юқори сифат стандартларига қатъий амал қилиш ҳамда “Чимён” курортини халқаро талабларга жавоб берадиган замонавий туристик мажмуага айлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, курорт фойдаланишга топширилганидан кейин уни самарали бошқариш учун халқаро тажрибага эга компанияларни жалб қилиш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди. Бу эса хизматлар сифатини ошириш, хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва курортнинг рақобатбардошлигини таъминлашга хизмат қилиши қайд этилди.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистонда тоғ, оилавий, спорт ва соғломлаштириш туризмини янада ривожлантириш, шунингдек, “Чимён” курортини Марказий Осиёдаги энг жозибадор дам олиш масканларидан бирига айлантириш йўлидаги амалий ҳамкорликни изчил давом эттиришга тайёр эканликларини билдирди.
Янги авлод тоғ курортини барпо этиш лойиҳаси нафақат мамлакатнинг туристик жозибадорлигини ошириш, балки ҳудудларда янги иш ўринлари яратиш, сервис хизматларини ривожлантириш ва Ўзбекистоннинг халқаро туризм бозоридаги нуфузини мустаҳкамлашга ҳам муносиб ҳисса қўшиши кутилмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА