Ўзбекистон туризм соҳасида халқаро ҳамкорлик ва инвестициявий алоқаларни кенгайтирмоқда
“Ипак йўлида туризм” 31-Тошкент халқаро туризм ярмаркаси доирасида Туризм соҳасидаги биринчи халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтди.
Форум доирасида “Халқаро брендлар – замонавий туристик инфратузилмани ривожлантириш драйвери” мавзусида панель сессия ташкил этилди. Унда Ўзбекистонга халқаро меҳмонхона брендларини жалб қилиш, замонавий меҳмонхона инфратузилмасини ривожлантириш, соҳага хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш ҳамда халқаро операторлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбирда халқаро меҳмонхона брендларининг мамлакатимизга кириб келиши нафақат туристик инфратузилмани ривожлантириш, балки миллий иқтисодиёт учун ҳам муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди. Жаҳон миқёсида тан олинган меҳмонхона тармоқлари мамлакатнинг халқаро туристик имижини мустаҳкамлаш, юқори даромадли хорижий сайёҳларни жалб қилиш, туризм хизматлари экспортини ошириш ҳамда янги иш ўринларини яратишга хизмат қилиши қайд этилди.
Панель сессияси давомида хорижлик экспертлар томонидан халқаро меҳмонхона тармоқларининг илғор тажрибаси тақдим этилиб, меҳмонхона бизнесини самарали бошқариш, туризм соҳаси учун рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, маҳаллий мутахассисларнинг малакасини ошириш ҳамда хизмат кўрсатиш сифатини халқаро стандартлар даражасига олиб чиқиш масалалари юзасидан фикр ва тажриба алмашилди.
Қайд этиш лозимки, мамлакатимизда 32 та халқаро меҳмонхона брендига тегишли 53 та меҳмонхона фаолият юритмоқда. Улардаги умумий хоналар фонди 6 909 та, жойлар сони эса 12 минг 678 тани ташкил этмоқда. 2025 йил якуни билан таққослаганда, халқаро брендли меҳмонхоналар сони 32,5 фоизга, хоналар фонди 33 фоизга, жойлар сони эса 35,7 фоизга ошган.
Халқаро брендларни жалб қилиш билан бир қаторда, Ўзбекистонда меҳмонхона инфратузилмасига инвестиция киритишни рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, белгиланган талабларга мувофиқ, 3 юлдузли меҳмонхоналарнинг ҳар бир хонаси учун 40 миллион сўм, 4 ва 5 юлдузли меҳмонхоналарнинг ҳар бир хонаси учун 65 миллион сўмгача давлат субсидиялари ажратилиши кўзда тутилган. Шунингдек, меҳмонхона объектлари учун солиқ имтиёзлари ва имтиёзли кредитлаш механизмлари инвесторларни қўллаб-қувватлашнинг муҳим воситалари ҳисобланади.
Умуман олганда, халқаро меҳмонхона брендларининг Ўзбекистонга кириб келиши мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, юқори харид қобилиятига эга хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш, миллий иқтисодиётга хорижий валюта тушумларини ошириш ва туризм соҳасида замонавий хизматлар бозорини шакллантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА