Тоғ туризми соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичда
Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги "Amirsoy Resort" тоғ курортида Туркий тоғ-чанғи курортлари иттифоқининг II саммити бўлиб ўтди.
Мазкур халқаро анжуманда Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғиз Республикаси ва Туркия каби давлатлардан расмий делегациялар, йирик тоғ-чанғи курортлари раҳбарлари ҳамда туризм соҳаси вакиллари иштирок этди. Саммит “Чўққилардан фаровонлик сари: Туркий давлатларда тоғ-чанғи курортларини биргаликда ривожлантириш ва уларни жаҳон туризмига интеграция қилиш” мавзусига бағишланди.

Тадбирда туркий давлатлар ўртасида стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, йил давомида фаолият юритувчи туристик йўналишларни ривожлантириш, соҳадаги илғор бошқарув тажрибаларини оммалаштириш ва экологик барқарор технологияларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, туркий давлатларнинг тоғ курортларини халқаро туризм бозорида ягона бренд сифатида илгари суриш юзасидан фикр алмашилди.

Шу билан бирга, Туркий тоғ-чанғи курортлари иттифоқининг Бош ассамблеяси йиғилиши ва соҳавий панель сессиялари ташкил этилди. Уларда Туркий тоғ-чанғи курортлари иттифоқи раиси Рустам Наджафов, “Amirsoy Resort” бош директори Рустамжон Раимжонов, шунингдек, Қозоғистоннинг “Shymbulak” ва “Oi-Qaragai”, Озарбайжоннинг “Shahdag”, Туркиянинг “Uludag” ҳамда “Erciyes” тоғ курортлари раҳбарлари маъруза қилди.
Жараёнда Туркий тоғ-чанғи курортлари иттифоқининг расмий веб-портали ҳам тақдим этилди. Ушбу рақамли платформа ҳудудлардаги тоғ курортлари ҳақида ягона ахборот майдонини шакллантириш, сайёҳлар учун қулай хизматларни бир жойда жамлаш ва ҳудуднинг туристик салоҳиятини халқаро миқёсда тарғиб қилишга қаратилган.

Саммит якунида иштирокчилар туризм соҳасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма туристик маҳсулотларни ривожлантириш ва тоғ курортларининг халқаро ҳамкорлигини оширишга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш юзасидан келишувларга эришди.
А.Мусаев, ЎзА.