Замонавий суғурта хизматларининг афзалликлари
Навоий вилояти Ички ишлар бошқармасида тизим раҳбар ходимлари иштирокида суғурта маданиятини юксалтириш ва молиявий ҳимоя механизмларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Тадбир “MY INSURANCE” акциядорлик жамияти истиқболли лойиҳалар ва маркетинг департаменти директори Шерхон Тўраев ҳамда Навоий вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари, подполковник Шокиржон Садиков раҳбарлигида ташкил этилди.


Учрашувда “Суғуртанинг иқтисодий мазмуни ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулки ва соғлиғини турли хавф-хатарлар оқибатидаги молиявий йўқотишлардан ҳимоя қилиш механизми” мавзусида атрофлича фикр алмашилди. Соҳа мутахассислари томонидан суғуртанинг бугунги бозор иқтисодиётидаги ўрни, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун молиявий кўмак ва хавфсизликни таъминлашдаги аҳамияти, шунингдек, замонавий суғурта хизматларининг афзалликлари хусусида батафсил маълумотлар берилди.
Тадбир якунида ички ишлар органлари ходимларининг суғурта соҳасидаги ҳуқуқий ва молиявий саводхонлигини янада ошириш, келгусида бу борадаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини изчил давом эттириш масалалари белгилаб олинди.

ЎзА