Сунъий интеллект ривожланиши шароитида журналистиканинг истиқболи муҳокама қилинди
Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори билан ҳамкорликда сунъий интеллект технологияларининг замонавий журналистикага таъсири мавзусига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.
Мулоқот давомида иштирокчилар сунъий интеллект технологиялари ривожланиши ва медиа соҳасининг барқарорлиги ўртасидаги мувозанатни сақлаш, йирик технологик платформаларнинг таъсири ўсиб бораётган шароитида оммавий ахборот воситалари эркинлигини таъминлаш масалаларини кўриб чиқди.

Ўтган йили Тошкентда бўлиб ўтган ЕХҲТнинг Марказий Осиё медиа конференциясида ташкилот ОАВ эркинлиги масалалари бўйича вакилининг «Йирик технологик платформалар ва сунъий интеллект даврида ОАВ эркинлигини таъминлаш» номли қўлланмасига алоҳида эътибор қаратилди.
ЕХҲТ мажбуриятлари асосида ишлаб чиқилган ушбу ҳужжатда барча манфаатдор томонлар иштирокида кенг муҳокамалар ўтказиш, медиа соҳасида хилма-хиллик ва ОАВ мустақиллигини қўллаб-қувватлаш, шунингдек ёлғон ахборот тарқатилишининг олдини олишга қаратилган тизимли чора-тадбирлар ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилади.

Журналистика соҳасининг истиқболи хусусида фикр юритар экан, иштирокчилар сунъий интеллект оммавий ахборот воситаларининг ишини енгиллаштириши, хусусан кундалик вазифаларни автоматлаштириш ёки маълумотлар билан ишлашни тезлаштириши мумкинлиги, аммо журналист ўрнини тўлиқ боса олмаслигини қайд этди.
Тадбир якунида давлат идоралари, технологик компаниялар, журналистлар ва фуқаролик жамияти ўртасида очиқ мулоқотни фаоллаштириш зарурлиги, оммавий ахборот воситаларининг келажаги нафақат технологиялар тараққиёти, балки инсоний қадриятларни сақлаб қолиш билан бевосита боғлиқ экани алоҳида таъкидланди.
ЎзА