Марказий Осиёда ёшлар ташаббусларига эътибор кучайтирилмоқда
Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси ҳузурида фаолият юритаётган Ёшлар маслаҳат кенгаши аъзолари билан навбатдаги учрашув ташкил этилди.
Мулоқот давомида ёшларнинг жамият ва давлат бошқарувидаги иштироки, минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, Марказий Осиёда амалга оширилаётган халқаро ташаббусларда ёшлар фаоллигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашувда UNOPS ҳамда DIHR ташкилотлари вакиллари ҳам қатнашиб, ёшларнинг инклюзив иштироки, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва мазмунли мулоқот муҳитини шакллантириш юзасидан фикр ва таклифлар билдирди.
Томонлар таъкидлаганидек, ёшларнинг сиёсий ва ижтимоий жараёнлардаги иштирокини кенгайтириш, шунингдек, минтақавий тараққиётга доир ташаббусларда уларнинг ўрнини мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга.
Учрашув якунида галдаги режалар белгилаб олинди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА