Меҳнат миграцияси: Тошкент форуми қандай янги ёндашувларни кун тартибига олиб чиқди?
18-19 май кунлари Тошкент шаҳри халқаро меҳнат миграциясига бағишланган муҳим мулоқот майдонига айланди. “Меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш” мавзусида ўтган биринчи Тошкент халқаро миграция форуми нафақат минтақа, балки кенг халқаро доирада ҳам долзарб ҳисобланган масалаларни муҳокама қилиш имконини берди.
Марказий Осиё, Европа, Осиё минтақалари ва АҚШдан келган 600 га яқин мутахассис қатнашган форум хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграциясини ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятли. Ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар, хусусий сектор ва фуқаролик жамияти вакиллари тўпланган муҳокамаларда миграциянинг иқтисодий-ижтимоий жараёндаги ўрни батафсил таҳлил қилинди.
Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) маълумотига кўра, ҳозир дунёда 304 миллионга яқин мигрант мавжуд. Уларнинг 168 миллиони меҳнат муҳожири. Мигрантлар томонидан ўз оиласига юборилаётган пул ўтказмалари миқдори эса 905 миллиард долларга етган.
Бу рақамлар меҳнат миграцияси бугун фақат ижтимоий эмас, глобал иқтисодий барқарорликка ҳам таъсир қилувчи муҳим омилга айланганини кўрсатади. Тадбир давомида меҳнат миграциясини тизимли ва инсон манфаатига асосланган тарзда ташкил этиш, қонуний миграция йўлларини кенгайтириш, меҳнат мигрантларининг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, ижтимоий кафолатини кучайтириш, касб ва тил тайёргарлигини такомиллаштириш йўналишларига алоҳида эътибор қаратди. Шунингдек, мигрантларни қабул қилувчи давлатнинг меҳнат ва ижтимоий муҳитига мослаштириш масаласи ҳам диққат марказида бўлди.
Мутахассислар айтишича, бугунги меҳнат миграцияси сиёсати фақат ишчи кучини хорижга юбориш билан чекланмай, рақобатбардош инсон капиталини тайёрлаш ва халқаро меҳнат бозори талабига мослаштиришни ҳам тақозо қилади.
ХМТнинг меҳнат миграцияси ва ижтимоий инклюзия бўйича минтақавий масалалар бўйича мутахассиси меҳнат миграцияси реал меҳнат бозори эҳтиёжи ва таҳлилига асосланиши лозимлиги, меҳнат йўллари ишчи кучига талаб ва мигрантлар малакаси ҳисобга олинган ҳолда шакллантирилсагина, узоқ муддатли ва барқарор натижа беришини таъкидлади.
Анжуман доирасида амалий қадамлар ҳам ташланди. Хусусан, Тошкент шаҳрида “INTIL” халқаро тил ва касбга ўқитиш маркази очилиши меҳнат миграцияси соҳасига янгича ёндашувнинг амалий ифодаси сифатида баҳоланди. Мутахассислар ишончига кўра, бундай марказлар меҳнат миграциясини “ишчи кучи экспорти” модели эмас, балки “малакали кадрлар тайёрлаш” тамойили асосида ривожлантиришга хизмат қилади.
Иштирокчилар меҳнат миграциясининг инсон омили билан боғлиқ жиҳатларига ҳам алоҳида урғу бердилар. ХМТ минтақавий координация бўйича мутахассиси Ионела Тимофте хавфсиз миграция мигрантнинг барча босқичларда ҳимоя қилиниши билан бевосита боғлиқ эканини таъкидлади. Унинг фикрича, миграция сиёсати кетишдан олдинги тайёргарлик, иш жараёни, ҳуқуқий ҳимоя, қайтиш ва реинтеграция жараёнини ҳам қамраб олиши лозим. Бинобарин, хавфсиз ва барқарор миграция давлатлар, халқаро ташкилотлар, хусусий сектор ва фуқаролик жамияти ўртасидаги изчил ҳамкорликсиз самара бермайди.
Масаланинг иқтисодий жиҳати ҳам чуқур таҳлил қилинди. Женевадаги ХМТ бош қароргоҳи минтақавий лойиҳа катта менежери Вивиан ван дер Ворст миграция ва пул ўтказмаси ўртасидаги боғлиқликка эътибор қаратди. Ўзбекистонда пул ўтказмалари ЯИМнинг қарийб 14 фоизига тенг бўлиб, ички истеъмол, таълим, уй-жой, кичик бизнес ва оилалар фаровонлигида муҳим ўрин эгаллагани қайд этилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги форум якуни бўйича халқаро иш берувчилар билан 20 га яқин келишув имзолади. Ушбу ҳужжатлар меҳнат мобиллигининг барқарор, шаффоф ва ўзаро манфаатли механизмини такомиллаштиришга қаратилган.
Бугунги глобал меҳнат бозорида рақобат кучайиб бораётган бир пайт малакали кадрлар тайёрлаш, уларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш масаласи давлат сиёсатида тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Тошкент халқаро миграция форуми эса Ўзбекистонни шунчаки жараён иштирокчиси эмас, балки минтақа учун янги ёндашувлар, шунингдек самарали мулоқот майдони таклиф қилаётган мамлакат сифатида намоён этди.
Дилшод Ҳакимов, ЎзА