Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати изчил амалга оширилмоқда. Президент ташаббуслари билан ёш авлоднинг билим ва салоҳиятини юксалтириш, уларни Ватан равнақи йўлида фаолликка ундаш, жамият ҳаётида муносиб ўрин эгаллаши учун барча шарт-шароитлар яратилмоқда. Бу жараёнда Ёшлар иттифоқи ва унинг бошланғич ташкилотлари фаолияти муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу мақсадда Сирдарё вилоятидаги Гулистон давлат университетида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилотининг ҳисобот-сайлов йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда университетнинг амалдаги ёшлар етакчиси Ёрқинжон Ҳайитбоев 2024–2025-ўқув йили давомида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот берди ҳамда университет ёшлари томонидан қайтадан ушбу лавозимга сайланди.

Тадбирда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Хайрулла Сатторов, иттифоқнинг Сирдарё вилояти Кенгаши раиси Азизбек Раҳмонов, вилоят Ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи Мирқодир Саъдуллаев, Гулистон давлат университети ректори, профессор Муҳсин Ҳожиев ҳамда фаол талабалар иштирок этишди.

Ҳисоботда таъкидланишича, бошланғич ташкилот томонидан жорий ўқув йилида иш режада белгиланган 50 га яқин тадбир ва лойиҳалардан ташқари 23 та янги ташаббус амалга оширилган. Жумладан, “Меҳр улашиб”, “Муваффақият сири”, “Устоз ибрати”, “ГулДУ Ёшлар радиоси”, “ГулДУ Ёшлар журнали”, “Бир асар муҳокамаси”, “Мунозара”нинг телевидение учун мўлжалланган кўриниши, “Энг яхши китобхон талаба”, “Хорижлик китобхон” каби лойиҳалар университетнинг ўн мингдан зиёд талабаларини қамраб олди.

Шунингдек, ташкилот қошида “Мунозара”, “Мушоира”, “Китобхонлар”, “Ёш тадқиқотчилар”, “Зулфияхоним издошлари”, “Бўлажак тадбиркорлар” ва “Бўлажак раҳбар-кадрлар” каби еттита клуб самарали фаолият олиб бормоқда. 36 нафар ёшдан иборат “Қалқон” жамоатчилик гуруҳи эса университетда тартиб-интизом ва ватанпарварлик муҳитини мустаҳкамлашга ҳисса қўшмоқда.

Гулистон давлат университети бошланғич ташкилоти 6 йўналиш ва 9 факультет координатори ҳамда 5 нафар маслаҳатчидан иборат бўлиб, улар фаолияти Ёшлар етакчиси томонидан мувофиқлаштирилади. Ташкилотнинг 10 нафар фаол координатори 2025 йил июнь ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти билан учрашувда иштирок этгани ҳам ёшларга бўлган эътиборнинг амалий ифодаси сифатида қайд этилди.

Шунингдек, бошланғич ташкилот фаоллари республика миқёсидаги “Эко-авлод волонтёрлар” форуми, “Ёшлар Эко оромгоҳ” республика семинари, Қашқадарёда ўтказилган “Халқаро экотуризм қурултойи” ҳамда Ёшлар парламенти семинарларида фаол иштирок этмоқда.
Йиғилишда Гулистон давлат университети профессори Равшанбек Маҳмудов ва ёшлар вакиллари сўзга чиқиб, ўтган давр фаолиятини ижобий баҳоладилар.
Ҳисобот-сайлов йиғилиши “Раҳбар ва ёшлар” мулоқоти билан давом этди. Учрашувда талабалар ва ёшлар иттифоқи фаоллари ўз ташаббусларини Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Хайрулла Сатторовга тақдим этдилар.
Ушбу ташаббуслар асосида Гулистон давлат университетига Марказий Кенгаш томонидан 500 та бадиий китоблар совға қилиниши, фаол бошланғич ташкилотлар учун хорижий таълимий саёҳатлар уюштирилиши ҳамда “Қалқон” жамоатчилик гуруҳи аъзолари ўртасида “Янги Ўзбекистонга қалқонмиз” шиори остида республика танлови ташкил этилиши белгиланди.
Йиғилиш якунида фаол талабалар ва координаторларнинг ота-оналарига Гулистон давлат университетида илк бор жорий этилган “Шараф ёрлиғи” Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши томонидан тантанали равишда топширилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири