Ёшларнинг ютуқ ва режалари муҳокама қилинди
Гулистон шаҳридаги Тадбиркорлар ва ҳунармандлар марказида Сирдарё вилояти Ёшлар ишлари бошқармаси томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналистлар ва блогерлар иштирок этди.
Анжуманда асосий эътибор икки йирик ва ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳага қаратилди: “Беш ташаббус олимпиадаси” ва “Долзарб 90 кун”. Сирдарё вилояти Ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи Мирқодир Саъдуллаев ўтган даврда амалга оширилган ишлар ҳамда яқин келажакда режалаштирилган тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берди. Унинг таъкидлашича, “Беш ташаббус олимпиадаси” ёшларнинг ижодий, интеллектуал ва спорт салоҳиятини намоён этиши учун муҳим платформага айланган бўлса, “Долзарб 90 кун” лойиҳаси ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва уларни ижтимоий фаолликка жалб қилишда самарали бўлди.

Жорий йилнинг ўтган саккиз ойи давомида маҳаллалардаги уюшмаган ёшлар учун 22 та турли танлов ва лойиҳа ташкил этилди. Онлайн платформа орқали 286 891 нафар ёш рўйхатдан ўтди ва уларнинг барчаси фаол иштирок этди. Жумладан, “Ёш китобхон оила” танловининг туман босқичлари, “Заковат” интеллектуал ўйинлари, “Ёш мусаввирлар” ва “Моҳир фортепианочи” танловининг вилоят босқичлари якунланди. Шунингдек, спортнинг турли йўналишлари бўйича мусобақалар, Давлат хавфсизлик хизмати кубоги доирасида футбол ва мини-футбол мусобақалари, “Киберспорт” мусобақаси ҳамда “Ёшлар овози” танловининг республика финал босқичлари ҳам муваффақиятли ўтказилди.
Сирдарё ёшлари республика босқичларида ҳам фаол иштирок этди. Жами 33 та медаль қўлга киритилди: 8 та олтин, 12 та кумуш ва 13 та бронза. Хусусан, Боёвут тумани Сармич маҳалласидан Шаҳнозабону Муродова “Ёш китобхон” танловида 15–19 ёш тоифасида фахрли 2-ўринни эгаллади. Янгиер шаҳри А. Жомий маҳалласи жамоаси эса Давлат хавфсизлик хизмати кубоги доирасида футбол бўйича республика миқёсида 1-ўринни қўлга киритди. Бу ютуқлар вилоят ёшларининг маҳалладан республикагача бўлган ижодий ва спорт салоҳиятининг ёрқин намоёни сифатида эътироф этилди.

Жорий йилнинг 20 сентябрь куни Гулистондаги “Беш ташаббус хиёбони”да ёшлар фестивали ўтказилиши режалаштирилган. Фестиваль “Саломатлик учун 5000 қадам” лойиҳаси билан бошланиб, унда қатор мусобақа, кўргазма ва интерактив тадбирлар ташкил этилади. Вилоят “Ёшлар маркази”да талабалар ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйини, Гулистон шаҳар “Истироҳат боғи”да стол тенниси, шашка, армрестлинг ва камондан отиш мусобақалари ўтказилади. Шунингдек, “Беш ташаббус хиёбони”да шахмат бўйича “Маҳалла еттилиги кубоги” ҳам ташкил этилади. Ёш рассомлар кўргазмаси, битирувчи талабалар ва ишсиз ёшлар учун меҳнат ярмаркаси, вилоят куч тузилмалари томонидан ҳарбий техникалар ва қурол-яроғлар кўргазмаси фестивалнинг интерактив қисмларини бойитади. Лойиҳалар тақдимоти ва ёш санъаткорлар иштирокидаги гала-концерт дастури эса унинг маданий-маънавий аҳамиятини оширади.

Ёзги таътил даврида Сирдарё вилоятида 13 964 та тадбир ва мусобақалар ўтказилиб, 364 131 нафар ёш иштирок этди. “Ибрат фарзандлари”, “Қизлар академияси”, “Мутолаа” лойиҳалари доирасида 2 311 та тарғибот тадбири ташкил этилиб, унда 60 663 нафар ёш қатнашди. “Ёшлар туризми ойлиги”да 63 та ички саёҳат амалга оширилди ва 1 831 нафар ёш қамраб олинди. “Заковат” интеллектуал ўйинлари ва “Ёш китобхон оила” танловлари доирасида 1 829 та тадбирда 47 002 нафар ёш иштирок этди. Болалар учун тайёрланган “Кураш” веб-сериали ва бошқа мультсериаллар (“Бек ва Лола”, “Беруний саргузаштлари”, “Яшил макон”) 1 534 марта намойиш қилиниб, 35 230 нафар ёш жалб қилинди. Булардан ташқари ўтказилган 8 227 та тадбирда эса 219 405 нафар ёш иштирок этди.

Ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича 21 та йўналишда амалга оширилган ишлар орқали 31 276 нафар ёш қамраб олинди, бу белгиланган миқдордан анча кўпдир. Жумладан, касб-ҳунар ўргатиш бўйича 435 та тўгаракда 12 644 нафар, чет тилларини ўргатиш бўйича 252 та тўгаракда 6 914 нафар ҳамда ёшлар бандлигини таъминлашга қаратилган 240 та лойиҳа орқали 11 718 нафар ёш қамраб олинди. Бу жараён ёшлар салоҳиятини ошириш, уларнинг ишга тайёрлик ва ижтимоий фаоллигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Қизғин ва баҳсли руҳда ўтган матбуот анжуманида Сирдарё вилояти Ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи ОАВ вакиллари саволларига атрофлича жавоб берди ҳамда келгуси режалар ва истиқболдаги лойиҳалар ҳақида қўшимча маълумот берди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири