Ёшлар етакчилари учун ўқув-семинар ўтказилди
Гулистон шаҳридаги Ёшлар марказида вилоят маҳаллаларида фаолият бошлаган ёшлар етакчилари учун ўқув-семинар ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 14 февраль куни ёшлар билан очиқ мулоқот шаклида ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ҳамда шу йил 15–16 апрель кунлари Андижон вилоятига амалий ташрифи чоғида илгари сурилган вазифалар ижроси муҳокама қилинди. Шу билан бирга, ёшларга оид давлат сиёсатини самарали йўлга қўйиш, ёшлар етакчиларининг фаолиятини методологик жиҳатдан таъминлаш, уларнинг шахсий ривожланиши ва маҳаллаларда амалга оширилаётган ислоҳотларни ташкилий-ҳуқуқий жиҳатдан тўғри ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 10 сентябрдаги “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизими самарадорлигини оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳияти, етакчи имижи, “Ёшлар дафтари” тизими билан ишлаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тўғри юритиш ҳамда “Ибрат”, “Мутолаа”, “Узчесс”, “Устоз АИ”, “Қизлар академияси”, “Ёнда” лойиҳаларининг аҳамияти ҳақида амалий маърузалар тингланди.

Шунингдек, Ёшлар ишлари агентлигининг 6 та мега-лойиҳаси таҳлил қилиниб, улардан фойдаланиш кўрсаткичлари маҳалла кесимида ўрганилди.
Семинар якунида ёшлар етакчилари мавзулар бўйича 25 та саволдан иборат тест синовларини топширдилар. Натижаларга кўра, иштирокчиларнинг 89 фоизи ижобий кўрсаткичларга эришди. Тадбир савол-жавоб тарзида ўтгани боис, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан атрофлича жавоб олдилар. Мутахассислар фикрича, семинарда олинган билим ва амалий маслаҳатлар ёшлар етакчилари фаолиятида муҳим қўлланма вазифасини бажаради.

Шунингдек, семинар якунида яна бир муҳим қарор қабул қилинди: Ёшлар етакчиларини қўллаб-қувватлаш марказининг Сирдарё вилояти координатори лавозимига Умид Миржалолов номзоди бир овоздан маъқулланди.

— Бугунги ўқув-семинар ёшлар етакчилари учун нафақат билим ва тажриба алмашиш майдони, балки уларнинг шахсий ривожланиши учун муҳим имконият бўлди, — дейди Сирдарё вилояти Ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи Мирқодир Саъдуллаев. — Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизими самарадорлигини ошириш, ёшларнинг иқтидори ва ташаббусларини рўёбга чиқаришда етакчиларнинг тайёргарлиги ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу маънода бу каби тадбирлар ёшлар етакчиларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолиятини методологик жиҳатдан мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири