Янгиерлик педагогнинг ғалабаcи
Сирдарё вилоятининг Боёвут туманидаги 17-сонли умумтаълим мактабида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги умумий ўрта таълим мактабларининг инклюзив таълим синфларида фаолият юритаётган махсус педагоглар ўртасида “Йилнинг энг фаол махсус педагоги” танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Мазкур танлов махсус педагогларнинг касбий салоҳиятини ошириш, инклюзив таълим соҳасидаги илғор тажрибаларни оммалаштириш ҳамда таълим сифатини янада юксалтириш мақсадида ташкил этилди. Унда вилоятнинг турли туман ва шаҳарларидан сараланган педагоглар иштирок этишди.
Энг муҳими, иштирокчилар 3 та асосий шарт — коррекцион-ривожлантирувчи очиқ машғулот ўтказиш, “Менинг педагогик фаолиятим” мавзусида тақдимот қилиш ҳамда касбий билим ва компетенциялар бўйича савол-жавоб босқичларида ўз салоҳиятларини намоён қилишди.
[gallery-29579]
Мутахассислар фикрича, бу каби танловлар педагогларнинг касбий ривожланишига, янги педагогик ёндашувларни амалиётга жорий этишга ҳамда инклюзив таълим сифатининг ошишига хизмат қилади.
Якуний натижаларга кўра, Янгиер шаҳридаги 1-умумтаълим мактаби махсус педагоги Маҳлиё Усмоналиева вилоят босқичида 1-ўринни эгаллаб, ғолибликни қўлга киритди. Шунингдек, Гулистон шаҳридаги 3-умумтаълим мактаби ва Ховос туманидаги 30-умумтаълим мактаби педагоглари 2 ва 3-ўринларни қўлга киритишди.
Ғолиба Маҳлиё Усмоналиева танлов ҳақида фикр билдириб, ушбу ютуқ унинг касбий фаолиятида муҳим босқич бўлганини таъкидлади.
– Инклюзив таълим — ҳар бир боланинг имкониятини очиш, унга ишонч бериш демакдир. Бугунги ютуғим жамоам ва устозларимнинг қўллаб-қувватлаши натижасидир. Бу мен учун катта масъулият ва янги илҳом манбаи, – деди у.
Танлов якунида ғолиб ва фаол иштирокчилар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланишди.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА