Қизилтепа таълими рақамлар ва натижаларда
Навоий вилояти Қизилтепа туманида мактаблар фаолиятини такомиллаштириш, педагогларнинг касбий маҳоратини ошириш ва ўқувчиларнинг сифатли таълим олиши учун муносиб шароит яратиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Сўнгги ўн йилда туманда таълим муассасалари тармоғи кенгайиб, ўқитувчиларнинг малакаси ва ўқувчиларнинг билим даражасини оширишга эътибор кучайди. Хорижий тилларни ўрганиш, халқаро сертификатлар олиш, фан олимпиадаларида иштирок этиш ҳамда битирувчиларни олий таълимга тайёрлаш устувор йўналишлардан бўлмоқда.
2016 йилда туманда 38 та умумий ўрта таълим мактаби, 2 та ихтисослаштирилган мактаб-интернат ҳамда «Баркамол авлод» болалар маркази фаолият юритган. Мактабларда 20 минг 493 нафар ўқувчига 2 минг 350 нафар педагог таълим-тарбия берган.
Бугун туманда 42 та умумий ўрта таълим мактаби ва битта «Келажак» маркази мавжуд. Мактабларда 23 минг 550 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда, 2 минг 936 нафар педагог фаолият юритмоқда.
Педагогларнинг маълумоти ва малака кўрсаткичларида ҳам сезиларли ўсиш кузатилмоқда. 2016 йилда ўқитувчиларнинг 2 минг 175 нафари, яъни 92,6 фоизи олий маълумотли бўлган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 2 минг 896 нафарни — 98,6 фоизни ташкил этмоқда.
Олий ва биринчи малака тоифасига эга педагоглар сони шу даврда 418 нафардан 1 минг 490 нафарга кўпайди. Уларнинг жами ўқитувчилар сонидаги улуши 17,8 фоиздан 50,7 фоизга етди. Бу таълим сифатини ошириш, ўқитувчиларнинг ўз устида ишлаши ва касбий ривожланишини қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар самарасидир.
Туман таълим соҳаси бўйича республика рейтингида бир йил ичида 17-ўриндан 10-ўринга кўтарилди. 24-мактабнинг меҳнат таълими фани ўқитувчиси Ўктам Рустамов «Энг яхши дарс ишланма» кўрик-танловининг республика босқичида иккинчи ўринни эгаллади.
[gallery-32548]
Бугунги кунга қадар туман мактабларининг 320 нафарга яқин битирувчиси олтин ва кумуш медалларга сазовор бўлган. Шунингдек, 19 нафар фан ўқитувчиси Вазир жамғармаси устамасига лойиқ топилган.
Сирож АСЛОНОВ (сурат), ЎзА