Данияда ўқувчиларга танаффус пайти ҳам телефондан фойдаланиш тақиқланади
Дания ҳукумати мактаб ва бошқа таълим муассасаларида мобил телефон ҳамда шахсий интернет қурилмаларидан фойдаланишни бутун мамлакат бўйлаб тақиқлаш масаласида келишувга эришди, деб хабар берди "Kazinform" агентлигининг Европадаги мухбири.
Янги чеклов 2027-2028 ўқув йилидан кучга киради. Бундан ташқари энди мактаблар ўз интернет тармоғида контентни тозалаш тизимини жорий этиши шарт. Хусусан, ижтимоий тармоқ, ўйин, интернет-дўкон ва таълим жараёнига алоқадор бўлмаган бошқа сайтларга кириш чекланади. Телефонларни эрталаб йиғиштириб олиш ёки ўчирилган ҳолда сумкада сақлаш тартибини ҳар бир ўқув муассасаси мустақил белгилайди.
Таълим вазири Магнус Хойнике болалар доимий равишда чалғимасдан, таълим олиш имконига эга бўлиши зарурлигини таъкидлади.
– Ушбу чеклов мактабда тинчликни сақлаш, ўқувчи диққатини дарсга жамлаш ва болаларнинг бир-бири билан бевосита алоқасини кучайтиришга қаратилади, – дейилган ташаббуснинг мақсади ҳақидаги маълумотда.
Янги тартиб 2025 йил қабул қилинган, фақат учинчи синфгача бўлган ўқувчиларга телефондан фойдаланишни тақиқлаш назарда тутилган партиялар аро келишув ўрнига жорий қилинади. Тегишли қонун лойиҳаси парламентнинг навбатдаги сессиясига кўриб чиқиш учун тақдим этилади. Бу қарор Дания ўқувчиларининг билим кўрсаткичи пасайгани акс этган PISA халқаро тадқиқоти сўнгги натижаси асносида қабул қилинди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франциядаги барча лицейларда қўл телефонидан фойдаланишни тақиқлаш мавзуси кўтарилган. Шунингдек, қурилмалардан ўқув мақсадида фойдаланиш имконини берувчи айрим жиҳатлар муҳокама қилинган эди.
А.Маматов, ЎзА