Янги табиат боғлари — экотизимни асраш йўлида муҳим қадам
Юртимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий бойликларни асраб-авайлаш ва келажак авлодга соғлом экотизимни мерос қилиб қолдириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни кенгайтириш ва уларни самарали бошқариш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 25 мартдаги тегишли қарорига мувофиқ, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар департаменти муассислигида 3 та янги миллий табиат боғи ташкил этилди ва биттасининг ер майдони кенгайтирилди.
Хусусан, Тошкент вилоятида “Овжазсой – Мовий тоғлар”, “Писком” ҳамда Фарғона вилоятида “Фарғона” миллий табиат боғлари 188,8 минг гектар майдонда ташкил этилди. Шу билан бирга, Наманган вилоятидаги “Поп” миллий табиат боғининг майдони 10 минг гектардан 135,3 минг гектарга етказилди.
Маълумот ўрнида айтиш лозимки, сўнгги йилларда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экотизимларни асраш ҳамда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни кенгайтириш ва ривожлантириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2025–2026 йиллар давомида 10 та муҳофаза этиладиган табиий ҳудуднинг ер майдони кенгайтирилди. Натижада ушбу ҳудудлардаги ноёб турдаги ўсимлик ва ҳайвонот дунёси тўлиқ муҳофазага олинди.
Ушбу ҳудудларни ташкил этиш ва кенгайтириш орқали Писком ва Қурама тоғ тизмаларида 27 турдаги ноёб, 7 турдаги эндемик ҳайвонлар, Ўзбекистон Қизил китобига киритилган 40 турдаги ўсимлик ҳамда Фарғона водийсида йўқолиб кетиш хавфи остидаги 24 турдаги ҳайвонлар ва табиат ёдгорликлари сақлаб қолинади.
Шунингдек, Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар департаменти тизимидаги ҳудудлар сони 24 тадан 27 тага кўпайди. Жорий йилнинг 30 март ҳолатига кўра, ушбу муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг умумий майдони Ўзбекистон Республикаси ҳудудининг 15,7 фоизига етказилди.
Бундан ташқари жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ходимларининг лавозим маоши 3 баробаргача оширилади. Шу билан бирга, бошқарув ва соҳа ходимларига махсус унвон ва фарқлаш белгилари бериш тартиби жорий этилди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА