Миллий табиат боғлари ташкил этилади
Жорий йилнинг 25 март куни “Овжазсой – Мовий тоғлар”, “Писком”, “Фарғона” миллий табиат боғларини ташкил этиш ва “Поп” миллий табиат боғи ҳудудини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманидаги Оҳангарон давлат ўрмон хўжалигининг “Овжазсой” участкасидаги 9,2 минг гектар ер майдонида “Овжазсой – Мовий тоғлар” миллий табиат боғи,Бўстонлиқ туманидаги Бурчмулла давлат ўрмон хўжалигининг 156,7 минг гектар ер майдонида “Писком” миллий табиат боғи, Фарғона вилояти Ўзбекистон ва Сўх туманларидаги 13,9 минг гектар давлат захира ерлари ҳамда Фарғона ва Қўқон давлат ўрмон хўжаликларининг 8,9 минг гектар ер майдонлари ҳисобига умумий майдони 22,9 минг гектардан иборат “Фарғона” миллий табиат боғи ташкил этилади.
Наманган вилояти Мингбулоқ ва Поп адирликларида 33,6 минг гектар давлат захира ерлари ҳамда Поп ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалигининг 91,2 минг гектар ер майдони ҳисобига “Поп” миллий табиат боғи ҳудуди 125,3 минг гектарга кенгайтирилади.
Миллий табиат боғлари ташкил этилиши табиатни муҳофаза қилиш, экологик ҳолатни яхшилаш, туризмни ривожлантириш ва янги иш ўринлари яратишга хизмат қилади.
Н.Раҳмонова,
ЎзА