Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Миллий табиат боғи – биологик хилма-хилликни сақловчи ҳудуд (+видео)

Табиатда ҳайвонот ва ўсимликлар дунёсини сақлаб қолиш ҳамда уларни сон жиҳатидан кўпайтиришда миллий боғлар, қўриқхоналар алоҳида аҳамиятга эга.

Юртимизда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар майдонини кенгайтириш, экологик қимматга эга бўлган табиий объектлар ва мажмуаларни, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг ноёб ва йўқолиб бораётган турларини сақлаб қолиш ҳамда уларни қайта тиклаш мақсадида Президентимизнинг 2022 йил 16 февралда “Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тизимида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди.

Қарорга кўра, Навоий вилоятининг Учқудуқ туманида “Марказий Қизилқум” миллий табиат боғи ва Томди туманида “Оқтоғ-Томди” давлат қўриқхонаси ташкил этилган. 

[gallery-24206]

Миллий табиат боғининг қўналғаси вилоят марказидан 360 километр узоқликда – Учқудуқ туманининг Қулқудуқ овулида жойлашган. Бу ерда 40 нафарга яқин ходим фаолият олиб боради. 

 Миллий табиат боғи овулдан қарийб 200 километр узоқликда жойлашган бўлиб, йўлнинг асосий қисми чўл ҳудудидан ўтганлги боис махсус автомашиналарда қумли барҳан, саксовулзорлар оралаб борилади. 

 Миллий табиат боғининг умумий майдони 1,2 миллион гектар бўлиб, қўриқхона, рекреация ва хўжалик мақсадида фойдаланиш зоналаридан иборат. Бу ерда ҳайвонот олами популяцияси ва популяция динамикасини аниқлаш мақсадида ҳар йили мавсумий – баҳор ва куз ойларида мониторинг ишлари олиб борилади. 

– “Марказий Қизилқум” миллий табиат боғини олти бўлимга бўлиб ўрганамиз, – дейди боғнинг катта илмий ходими Жамшид Умрзоқов. – Ўрганиш ишлари давомида кадастр китобини ҳам юритиб борамиз. Унга ҳайвонот ва ўсимлик турларини киритамиз. Боғда 63 турдаги ўсимликлар учрайди. Унинг 29 таси Ўзбекистон “Қизил китоби”га киритилган. Ҳайвонот дунёси эса 2025 йил ҳолатига 88 тани ташкил этмоқда. Уларнинг 18 таси сут эмизувчилар, 53 таси қушлар, 1 та сувда ва қуруқликда яшовчи ҳайвон, 4 та умуртқасиз ва бошқа судралиб юрувчиларни ташкил этади. 8 та сут эмизувчи ҳайвон, 23 та қуш “Қизил китоб”га киритилган. Ходимларимиз ўрганишлар жараёнида ҳайвон ва қушларнинг учратилган жойи, ҳолати, координатаси, ҳаракатланишини кузатади ва белгилаб боради.

“Марказий Қизилқум” миллий табиат боғи биологик хилма-хилликни, экологик барқарорликни сақлаш, олимлар учун эса боғ биологик тадқиқотлар учун “лаборатория” вазифасини бажариб, илмий тадқиқот ишлари олиб боришга хизмат қилмоқда. Энг муҳими, миллий боғ келажак авлодлар учун биологик бойликларни сақлаб қолиш, экологик таълимни ривожлантириш ва барқарор туризмни йўлга қўйиш учун жуда муҳим табиий ҳудуддир.

<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/7aS-PpcGBpI?si=iaWF3LewNozRcLHa" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

А.Бўриев, С.Аслонов, (сурат+видео), ЎзА мухбирлари