Жорий йил Фарғона вилоятининг ҳар бир туманида Хитойнинг бой тажрибаси асосида хорижий ғўза навлари экилиб, далаларда агротехник тадбирлар ўз муддатида сифатли ўтказилмоқда.
Ёзёвон туманидаги “Мезон" фермер хўжалигида пахтадан юқори ҳосил олишда ўзига хос тажриба мактаби яратилган.
Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Aбдураҳмонов мазкур фермер хўжалиги дала майдонида бўлиб, дастлаб хориждан келтириб экилган ғўзанинг вегетатив ҳолатини кўздан кечирди. Шу кунгача кўрсатилган агротехник тадбирлар жараёни, келгуси ҳаракатлар режаси билан қизиқди.
Қарийб 33 гектар дала майдонида экилган мазкур Хитой нави жуда юқори ҳосилдорликка эга экани ҳамда Ўзбекистон иқлим шароитига тез мослашиб кета олиши билан ажралиб туради. Бу ерда хитойлик агрономлар ва навшунос олимлар ғўза парваришининг ҳар бир босқичида бевосита ўзлари иштирок этаётганини кўриш мумкин. Фермер Воҳиджон Обидовнинг сўзларига кўра, гектаридан 75-80 центнердан ҳосил олиш кўзда тутилган.
Агротехник тадбирларнинг ўз вақтида сифатли бажарилиши кутилган натижани бериши бор гап. Муҳими, бу ерда пахтани етиштириш бўйича янгича ёндашув асосида иш олиб борилмоқда. Мақсад пахта етиштириш ҳолати ва ҳосилдорликни ошириш бўйича илғор технологияларни амалиётга жорий этиб, деҳқон-фермерлар манфаатини оширишдан иборат.
М.Сулаймонов, ЎзА мухбири