Фарғона вилояти тарихида 2025 йил алоҳида из қолдириши аниқ. Албатта, иқтисод, қурилиш, маънавият соҳаларида улкан натижаларга эришиляпти. Лекин пахтачиликда... Илгари ўртача пахта хосилдорлиги мамлакатда ҳам, вилоятда ҳам 25-30 центнердан ошмаган.
Лекин амалга оширилган ислоҳотлар, тармоққа илм кириб келиши, янги нав уруғлари ва экиш услубидаги ўзгаришлар пировард натижада гектаридан олинаётган пахта миқдорини кескин оширди. Агар 2017 йилда ҳар гектаридан ўртача ҳосил 23,3 центнерни ташкил этган бўлса, 2024 йилда 35,6 га етди. 2024 йилда ялпи ҳосил 2017 йилдаги 220,4 минг тоннага нисбатан 44,6 минг тоннага кўпайиб, 265,0 минг тоннани ташкил этди. 2025 йил эса кескин ўсиш йили бўлди. Шартнома 313,2 минг тонна, аммо амалда ҳисоб-китобларга қараганда 350 минг тонна пахта ҳосили етиштирилган. Кутилаётган ҳосилдорлик эса режадаги 43,5 центнер ўрнига 50,0 центнер бўлади, дейишмоқда мутахассислар.


Бугунгача вилоятда биринчи бўлиб Қўштепа, сўнгра Учкўприк туманлари деҳқонлари шартнома режаларини бажардилар.
Қўштепада ҳозиргача ўртача ҳар гектаридан 45 центнердан ортиқ ҳосил олинди. Хирмонга 28 минг тоннага яқин пахта топширилди.

Тумандаги 144 та фермер хўжалигига қарашли 6 минг 400 гектар майдонда маҳаллий ҳамда хорижий ғўза навлари экилиб, агротехник тадбирлар асосида парваришланди. Фермер хўжаликларини техника, минерал ўғит, ёқилғи-мойлаш материаллари билан таъминлаш, механизаторларга қулай шарт-шароитлар яратиш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Бунинг натижасида тумандаги “Насибахон Ҳабибахон файзи”, “Мухторали Худоберди”, “Роввот замин файзи”, “Нишонов Равшан Одил ўғли” каби кўплаб фермер хўжаликларида ўртача 50 центнердан ортиқ ҳосил олиниб, юқори кўрсаткичлар қўлга киритилди.
Фарғона вилоятида пахта йиғим- терими давом этмоқда.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА