Пахтачиликдаги ислоҳотлар самараси: ҳосилдорлик бир йилда 12 центнерга кўпайди
Самарқанд вилоятидаги пахтачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари томонидан жорий йилда 60 минг гектар майдонда пахта етиштирилиб, шу кунгача 331 минг 287 тонна (режага нисбатан 106 фоиз) ҳосил йиғиштириб олинди. Ҳосилдорлик ўртача 55 центнерни ташкил қилмоқда ва бу ўтган йилга нисбатан 12 центнерга, 2024 йилга нисбатан 25 центнерга кўпдир.
Бу йил Янги Ўзбекистон тарихида илк бор 5 миллион тоннадан зиёд юксак пахта хирмони бунёд этилиб, рекорд натижага эришишда самарқандлик деҳқон ва фермерларнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор.
– Кейинги йилларда пахтачилик тармоғида олиб борилаётган ислоҳотлар, маҳсулот етиштиришда илм-фан ва инновацияларнинг кенг қўлланилиши, фермер ва кластерларнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганлиги ўз натижасини бермоқда, – дейди Самарқанд вилояти қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Бекзод Тугалов. – Давлатимиз раҳбарининг соҳага қаратаётган эътибори ва қабул қилган қарорлари натижасида тизимдаги иш услуби ўзгарди, бошқа қишлоқ хўжалик экинлари қатори пахтачиликда илм ва инновация кенг жорий этилмоқда. Бу борада Президентимизнинг 2025 йил 9 декабрдаги “Пахта ва ғаллачиликда ҳосилдорликни ошириш учун юқори самарадор интенсив агротехнологияларни қўллашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам муҳим аҳамият касб этди. Мазкур қарор билан пахта ва ғалла етиштиришда илғор хорижий тажрибалар асосида замонавий интенсив агротехнологиялардан фойдаланиш, ҳосилдорликни оширишда илм-фан ва инновацияларга асосланган янги ёндашувларни қўллаш орқали замонавий интенсив агротехнологияларни кенг жорий этиш натижасида пахтачиликда ҳосилдорликни 50 центнердан ошириш, ғаллачиликда 100 центнерга етказиш белгилаб берилганди. Ушбу мақсад асосида бу йил вилоятимизда 90 ва 60 см схемалардан воз кечилиб, 60 минг гектар майдонда тўлиқ 76 см. қўшқатор ва яккақатор схемада чигит экилди. Шинжон технологияси асосида 76х10 см қўшқатор схемада, плёнка остига, томчилатиб суғориш тизимини жорий қилган ҳолда чигит экилганлиги ҳосилдорликнинг янада ошишига замин яратди. Бу усулнинг афзаллиги кам харажат, ёқилғи ва ресурстежамкорлигида. Энг муҳими, гектарига 20-22 кило уруғ сарфланиши ва қўшқатор экилганлиги ҳисобига 220-240 минг туп кўчат олинади. Бу эса ҳосилдорликни 15-20 фоизга оширди.

Бу йил вилоятда замонавий илғор агротехнология асосида пахта етиштиришни кенгайтириш мақсадида 19,8 минг гектар майдонда чигит интенсив усулда плёнка остига, томчилатиб суғориш тизимини жорий қилган ҳолда экилди. 32,5 минг гектарга кўсак қурти ва гербицидга чидамли хорижий навлар ҳамда 27,5 минг гектарга тезпишар, тола сифати юқори бўлган маҳаллий навлар қадалганди. Ғўза майдонларида агротехник тадбирлар ҳам илмий асосда тизимли ташкил этилди. Таркибида темир, бор, кальций, марганец, кремний каби микроэлементли препаратлар ва аспирин, ачитқини қўллаш амалиёти йўлга қўйилди. Бунинг натижасида жазирама иссиқда ўсимликнинг сувсизликка ва зараркунандаларга чидамлилиги ошди, пахта ҳосили сақлаб қолинди ҳамда қўшимча 15-20 фоизгача ҳосил яратилди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда соҳа олимлари томонидан пахтачиликда фермер ва кластерлар томонидан бажарилиши муҳим бўлган 8 та қоида илмий тавсиялар асосида ишлаб чиқилди ва амалга оширилди. Бу ҳам ҳосилдорликни ошириш, дала маданиятини шакллантириш, экологик тоза дала ташкил этиш, пахта етиштирувчилар даромадини ва манфаатдорлигини оширишга хизмат қилди.
Б.Тугаловнинг қайд этишича, жорий йилда ғўзанинг тўлақонли пишиб етилишини тезлаштириш ва ҳосилдорликни оширишда янгича ёндашув ва илмий асосда уч босқичда дефолиация ва десикация тадбирлари ташкил қилиниши кўсакларнинг тўлиқ очилишини жадаллаштирди ҳамда етиштирилган ҳосилни қисқа вақт ичида йиғиб олиш имконини берди. Пахта йиғим-терими мавсуми бир ойгача қисқаради, ҳосил ёғин-сочинли кунларга қолдирмасдан сифатли йиғиб олиниши эвазига юқори навларга сотилди ҳамда фермерларнинг иқтисодий даромади кўпайди.
Айни пайтда вилоятда ўртача ҳосилдорлик 55 центнерни ташкил этаётган бўлса-да, 15 фермер хўжалиги 100 центнер ва ундан юқори, 35 фермер хўжалиги 90-99 центнер, 53 фермер 80-89 центнер, 96 фермер 70-79 центнер, 222 фермер 60-69 центнер, 800 дан ортиқ фермер хўжалиги 50-60 центнер ҳосилни олишга эришди.
Етиштирилган ҳосилнинг қарийб саксон фоизи механизация ёрдамида териб олинди. Мавсум давомида 170 дан ортиқ пахта териш машиналаридан самарали фойдаланилди.

– 2016 йил билан таққослайдиган бўлсак, ўшанда вилоятимизда 90 минг гектардан ортиқ майдонда пахта экилган ва ҳосилдорлик ўртача 24-25 центнерни ташкил қилган, – дейди Б.Тугалов. – Ҳозирда келиб пахта майдони 30 минг гектарга, қарийб 35 фоизга қисқарди. Лекин ҳосилдорлик 2 баробар ошишига эришилди. Бу, албатта, Президентимизнинг мамлакатимизда пахта етиштириш ва уни йиғиштириб олиш, ҳосилни қайта ишлаб, уни тайёр маҳсулот сифатида хорижга экспорт қилиш тизимини тубдан ўзгартиришга қаратилган ислоҳотлари, шу соҳада меҳнат қилаётганларнинг моддий манфаатдорлиги оширилгани натижасидир.
Вилоятнинг Оқдарё туманида жорий йилда 225 фермер хўжалиги томонидан 4450 гектар майдонда ғўза парваришланди. Жумладан, 1469 гектар ерда “Шинжон” усулида пахта етиштирилди. Ерга чигит экишдан бошлаб ғўза парвариши, агротехника тадбирларини амалга ошириш жараёнларида ҳам илмга асосланган ҳолда иш тутилиши, замонавий инновациялар қўлланилиши натижасида ҳосилдорлик гектарига ўртача 52 центнерни ташкил этди. Икки фермер хўжалигида 100 центнердан ошириб ҳосил олишга эришилди.
– 112 гектар ер майдонимизнинг 33 гектарида бу йил Шинжон усулида, плёнка остида чигит эккандик, – дейди Оқдарё туманидаги “Оқдарё Бўтанош тараққиёти” фермер хўжалиги раҳбари Шуҳрат Аноров. – Бу усул кам харажатлилиги, ишчи кучини кам талаб қилиши билан жуда қулай экан. Ниҳол сони кўп ва томчилатиб суғориш эвазига ҳосилдорлик юқори бўларкан. Ҳар бир агротехника тадбири олим ва мутахассисларнинг тавсиялари, илмга асосланиб олиб борилиши туфайли шу пайтгача гектаридан 35 центнергача ҳосил олган майдонларимизда бу йил ҳосилдорлик қарийб 80 центнерни ташкил этди. Илгари пахтани етиштириш бир азоб бўлса, ҳосилни йиғиштириб олиш ундан ҳам қийин эди. Маҳаллада эшикма-эшик юриб одамларни теримга чиқаришга ҳаракат қилардик ёки талабалар, ўқитувчиларни жалб қилардик. Мана, ёғин-сочинга қолмай, техника ёрдамида ҳам пахтани териб олса бўларкан. Буларнинг барчаси Президентимизнинг фермерларга яратиб берган имкониятлари, давлат томонидан берилаётган имтиёз ва енгилликлар, субсидиялар самараси деб биламан.
Чиндан ҳам, мамлакатимиз пахтакорлари бу йил рекорд натижа қайд этиб, 5 миллион тоннадан ортиқ пахта хом ашёси етиштиргани Янги Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигида олиб борилаётган туб ислоҳотлар, фермер ва деҳқонларнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганлиги самарасидир. Президентимиз табригида қайд этилганидек, бу йил фермерларимиз пахтадан 13-14 триллион сўм соф фойда олиши кутилмоқда. Шу асосда улар йил бўйи қилган машаққатли меҳнати эвазига муносиб даромад топиши, одамларимизнинг ҳаёти янада обод ва фаровон бўлиши табиийдир.
Ғолиб Ҳасанов, ЎзА мухбири