Шу кунларда Президент таълим муассасалари агентлиги тизимида Янги Ўзбекистон университетида қабул жараёнлари бўлиб ўтмоқда.
Мазкур масъулиятли жараён қандай кечаётгани хусусида Янги Ўзбекистон университетининг ўқув ишлари бўйича биринчи проректори Элёржон Жумаев қуйидагиларни сўзлаб берди:
– Мамлакатимизда таълим соҳасидаги туб ижобий ўзгаришлар давлатимиз раҳбари ташаббуси асосида ташкил этилган Янги Ўзбекистон университети фаолияти мисолида ҳам яққол ўз ифодасини топмоқда. Ушбу олий таълим даргоҳида ўқув жараёни жаҳоннинг стандартларига уйғун тарзда ташкил этилгани билан диққатга сазовордир.
Янги Ўзбекистон университети 2021 йилнинг 23 июнь куни Президентимизнинг тегишли қарори асосида ташкил этилган. Университет фахрий ректори – TUM - Мюхен техника университетининг 39-ректори, 800 дан ортиқ илмий мақолалар ва 80 га яқин илмий патентлар эгаси, немис кимёгари Волфганг А.Ҳерманн ҳисобланади.
Университетда АҚШ, Германия, Миср, Ҳиндистон, Эрон каби давлатлардан келган профессор-ўқитувчилар дарс беради. Таълим даргоҳимизда талабалар илк ўқув йилиданоқ АҚШ, Германия, Жанубий Корея каби давлатларнинг йирик корхоналари ва лабораторияларида амалиёт ўташ имконига эгадирлар.
2021/2022-ўқув йили давомида Янги Ўзбекистон университетида Муҳандислик факультети таркибида Кимё муҳандислиги, Механика муҳандислиги ва Дастурий таъминот муҳандислиги йўналишлари очилиб, унга жами 187 нафар талаба қабул қилинди.
2022/2023-ўқув йилида университетда яна иккита йўналиш – Муҳандислик факультети таркибида Нано- ва илғор материаллар муҳандислиги ҳамда Бошқарув факультети таркибида Саноат бошқаруви йўналишлари очилмоқда.
Ушбу йўналишлар учун янги ўқув йилида 300 нафар талаба қабул қилинади. Университетда талабалар учун 50 фоиз, 70 фоиз, 100 фоизгача грант тақдим этилади.
Университетни тамомлаган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан Миллий кадрлар захирасига олинади ҳамда раҳбарлик лавозимига тайинланадиган истиқболли номзодлар рўйхатига киритилади.
Университет имтиҳони жорий йилнинг 21 июль куни Cambridge Assessment ташкилоти томонидан ўтказилади. Имтиҳонлар ҳар бир йўналишлар кесимида математика, физика, кимё, мантиқий фикрлаш каби фанлардан бўлиб ўтади.
Университет талабалари биринчи курсданоқ мамлакатимиз ва хорижнинг етакчи корхоналарида амалиёт ўташи йўлга қўйилади. Бу эса уларнинг келгусида иш билан таъминланиши, ўқиш жараёнини амалиёт билан интеграциялашувида муҳим аҳамият касб этади.
Н.Усмонова ёзиб олди, ЎзА