«Янги Ўзбекистон» университетида Оксфорд билан ҳамкорликдаги халқаро курс якунланди
«Янги Ўзбекистон» университетида Буюк Британиянинг Оксфорд университети билан ҳамкорликда ташкил этилган сунъий интеллект ва иқтисодиёт йўналишидаги халқаро ўқув курси якунига етди.
Якуний тадбир доирасида курс иштирокчиларига сертификатлар топширилиб, фаол иштирокчилар тақдирланди.
2026 йил 25–26 ноябрь кунлари бўлиб ўтган икки кунлик ўқув курси «Машинавий ўқитиш ва раҳбарлар учун иқтисодиёт» (Machine Learning and Economics for Decision Makers) мавзусига бағишланди.
Курснинг асосий мақсади иқтисодий таҳлил, прогнозлаш, молия ва давлат бошқарувида сунъий интеллект технологияларидан самарали фойдаланиш, катта ҳажмдаги маълумотларни таҳлил қилиш ҳамда далилларга асосланган қарорлар қабул қилиш бўйича мутахассисларнинг амалий кўникмаларини ривожлантиришдан иборат бўлди.
Дастур Оксфорд университетининг «Birso‘z» лойиҳаси ва Oxford Elevate таълим ташаббуси доирасида ташкил этилди. Унда 13 та вазирлик, идора, илмий-тадқиқот ва олий таълим ташкилотидан саралаб олинган 30 нафар мутахассис иштирок этди.
[gallery-32766]
Машғулотлар Оксфорд университетининг иқтисодиёт ва маълумотлар таҳлили соҳасида халқаро тажрибага эга олимлари томонидан олиб борилди.
Якуний тадбирда иштирокчиларнинг курс давомида эгаллаган билим ва кўникмалари эътироф этилиб, уларга сертификатлар топширилди. Мазкур халқаро таълим дастури иқтисодиёт ва давлат бошқаруви соҳаларида сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш, шунингдек, замонавий таҳлилий ёндашувларни амалиётга татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этади.
Ҳамроз Баёнов,
Ўктам Ҳайитов (сурат),
ЎзА