Ўзбекистон аэропортларини модернизация қилишда ЕОТБ билан ҳамкорлик кенгаяди
Ўзбекистон аэропортлари инфратузилмасини модернизация қилиш, инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш манбаларини кенгайтириш ва халқаро тажрибани татбиқ этиш йўналишида янги ҳамкорликка қадам қўйилмоқда. “Uzbekistan Airports” акциядорлик жамияти ва Евроосиё тараққиёт банки (ЕОТБ) мамлакат аэропортларини ривожлантиришга қаратилган инвестиция лойиҳаларини биргаликда баҳолашга келишди.
Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида томонлар ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Мазкур келишувдан аввал “Uzbekistan Airports” масъуллари ва банк вакиллари ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Унда мамлакат халқаро аэропортларини ривожлантириш дастурлари, инфратузилмани модернизация қилишга қаратилган лойиҳалар ва уларни молиялаштиришда ЕОТБ иштирокининг эҳтимолий механизмлари муҳокама қилинди. Меморандум доирасида истиқболли лойиҳаларни биргаликда таҳлил қилиш, уларнинг молиявий имкониятларини баҳолаш, молиялаштириш шартларини ишлаб чиқиш ҳамда мақбул молиявий механизмларни аниқлаш кўзда тутилган.
Бу ҳамкорлик “Uzbekistan Airports” акциядорлик жамияти учун аэропорт инфратузилмасини ривожлантиришга йўналтирилган лойиҳаларда молиявий манбалар доирасини кенгайтириш имконини бериши мумкин. Шунингдек, лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга оширишда экологик ва ижтимоий масъулият, корпоратив бошқарув (ESG) соҳасидаги халқаро амалиётларни қўллашга устувор аҳамият қаратилади. Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик масалалари ҳам ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири бўлади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА