«WikiMarafonda bayram» онлайн танловига старт берилди
Бугунги рақамли ахборот маконида миллий контентни бойитиш, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш ва уларни фойдали билим манбаларига йўналтириш муҳим аҳамият касб этмоқда. Ана шундай эзгу мақсадлар йўлида Ёшлар ишлари агентлиги, Таълим ва илм-фан вазирлиги ҳамда «WikiMarafon» лойиҳаси ҳамкорлигида кенг кўламли «WikiMarafonda bayram» интеллектуал онлайн танлови эълон қилинди.
Ушбу танлов нафақат билимли ва зукко ёшларни аниқлаш, балки иштирокчиларни маҳаллий ҳамда халқаро байрамлар тарихи, маданияти ва уларга оид қизиқарли фактлар билан яқиндан таништиришга хизмат қилади.
“ZiyoSfera” таълим платформаси ва замонавий рақамли ечимлар уйғунлигида ташкил этилган мазкур лойиҳа ҳар бир иштирокчига ўз дунёқарашини кенгайтириш, тенгдошлари билан соғлом рақобатга киришиш ҳамда ноутбук, смартфон ва қимматли китоблар тўплами каби муносиб совринларни қўлга киритиш имкониятини тақдим этади.
Ёшларни маҳаллий ҳамда халқаро байрамлар тарихи, уларнинг мазмун-моҳияти ва жаҳон маданиятида тутган ўрнига оид қизиқарли фактлар билан яқиндан таништириш, шунингдек, миллий таълим платформаларидан самарали фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш мақсадида ташкил этилган танлов низомига мувофиқ, иштирок этиш истагида бўлган фуқаролар жорий йилнинг 14 декабрига қадар (шу куни ҳам) телеграм ижтимоий тармоғидаги махсус @WikiTanlov_bot расмий боти орқали рўйхатдан ўтишлари лозим.
Асосий билимлар синови — онлайн тест жараёни 15 декабрь куни «ZiyoSfera» платформасида бўлиб ўтади. Иштирокчиларга платформага жойлаштирилган маҳаллий ва халқаро байрамларга оид маълумотлар асосида тузилган жами 40 та тест саволи тақдим этилади. Ҳар бир саволга жавоб бериш учун 1 дақиқадан, умумий синов учун эса кўпи билан 60 дақиқа вақт ажратилади.
Танлов якунларига кўра, икки асосий йўналиш бўйича энг юқори натижа қайд этган иштирокчилар муносиб тақдирланади.
Жумладан, «Тест синови ғолиблари» йўналиши бўйича 1-ўрин учун замонавий ноутбук, 2-ўрин учун смартфон, 3-ўрин учун 50 та сара китобдан иборат махсус тўплам берилади. «Энг фаол тарғиботчи» йўналиши бўйича 1-ўринга смартфон ҳамда 2-ўринга 50 та китобдан иборат тўплам тақдим этилади.
Бундан ташқари, тест синовларида муваффақиятли иштирок этган, бироқ совринли ўринларни эгаллай олмаган барча қатнашчиларга ташкилотчилар томонидан махсус электрон сертификатлар топширилади.
Танловнинг якуний натижалари 20 декабрдан кечиктирмай лойиҳанинг расмий ахборот каналларида эълон қилинади. Мазкур ташаббус ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва уларнинг интеллектуал салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилиши шубҳасиз.
Гулноза Бобоева,
ЎзА