Янги марралар сари илдам қадамлар (+видео)
Ҳар йили умумтаълим мактабларида навбатдаги ўқув йили тугаши арафасида битирувчиларнинг олийгоҳларга имтиҳон топширишига тайёргарлиги бошланади. Айрим ёшлар бу синовлардан муваффақиятли ўтиб, талабаликка қабул қилинади. Қолганлар эса йўқ. Бироқ давлатимиз томонидан ёшларга берилаётган кенг имконият ва шароитлар туфайли олий таълим муассасаларига қабул қилинаётган ўғил-қизлар сафи ортиб бормоқда.
Хусусан, Ўрта Чирчиқ туманида ҳам мазкур йўналишда кенг кўламли саъй-ҳаракатлар олиб бориляпти. Бу ҳудуддаги умумий ўрта мактабларни 2026 йилда 1 минг 635 нафар битирувчи тамомлайди.

Биргина 72-сонли айрим фанлар чуқурлаштириб ўқитиладиган умумтаълим мактабининг бу йилги 11-синф битирувчилар сони 126 нафарни ташкил этади. Бу ўқувчилар мактабда ташкил этилган фан тўгаракларида фаол қатнашиб, ўз устида ишлаб 1 йил давомида математика, она тили, тарих, кимё, биология, инглиз тили каби фанлардан турли хил даражадаги сертификатларни қўлга киритди. Улар ҳозиргача жами 97 та халқаро ва миллий сертификат олди. Биргина 11-синф ўқувчиси Фахриддин Ёқубов илм олишга чанқоқлиги ва тинимсиз олиб борган тайёргарлиги туфайли SAT сертификатини қўлга киритди.
– Аввало, бу натижани қўлга киритиш осон бўлмади. Бундай имкониятларни яратиб берган устозларим ва ота-онамга катта раҳмат айтаман, – дейди 11-синф ўқувчиси Фахриддин Ёқубов. – Уларнинг тавсияси ва қўллаб-қувватлаши туфайли меҳнатларим самара бермоқда. Мен ҳужжат топширган АҚШ (6 та), Буюк Британия (1 та) ва Бирлашган Араб Амирликларидаги (1 та) жами 8 та дунёнинг топ-100 талик университетларидан қабул қилиш тўғрисидаги чақирув хатларини олдим. Ушбу олийгоҳлар томонидан умумий қиймати 127 минг АҚШ долларига тенг грант таклифлари билдирилди.

– Шундай яхши хабарлардан жуда хурсанд бўляпмиз, – дейди 72-сонли умумтаълим мактаби директори Ориф Дадажонов. – Ҳозирда ёшларимиз турли фанлардан сертификат олиш учун имтиҳонлар топширган ва май ойида натижалари эълон қилинадиган ўқувчиларимизни ҳам сарҳисоб қилсак 110 га яқин сертификатлар қўлга киритилиши кутиляпти. Бу биргина 11-синф битирувчиларимизнинг кўрсаткичидир. Лекин 9- ва 10- синфларда ҳам фан тўгаракларида фаол қатнашиб, устозларимизнинг берган билимларини юзага чиқараётган ёшлар жуда кўп. Буларнинг барчаси мактабимиз жамоасининг йиллар давомида кўрсатган машаққатли меҳнатларининг мевасидир.
Шу билан бирга, мазкур мактабнинг яна 10 нафарга яқин ўқувчиси муддатидан олдин олий таълим муассасаларига ўқишга кириш имкониятига эга бўлди. Жумладан, битирувчи ўқувчилар орасида Азимжон Тоҳиржонов ҳам 3 та фанда А даражадаги сертификатни қўлга киритди.

Умуман олганда, тизимда ишлаётган юқори малакали педагоглар ва билимга чанқоқ ўқувчилар уйғунлиги – Ўрта Чирчиқ туманидаги мактабларни Тошкент вилоятида намунавий таълим муассасасига айлантирмоқда. Ўқувчиларнинг ушбу натижалари эса мақсад сари изчил ҳаракат, пухта тайёргарликнинг амалий ифодасидир. Бундай ютуқлар ёшлар орасида билим олишга бўлган қизиқишни янада оширади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/-ExtsKpZaHE" title="Yangi marralar sari ildam qadamlar" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А.Мусаев, ЎзА