Ёрқин келажак сари ишончли қадам
Мамлакатимизда мактаб таълимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, ўқувчиларни хорижий тиллар, аниқ ва табиий фанларга кенг жалб этиш, уларнинг иқтидорини рўёбга чиқаришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу эътибор ва ғамхўрлик Бухоро вилояти мисолида ҳам яққол намоён бўлмоқда.
Жорий 2025–2026 ўқув йилида Бухоро вилоятидаги умумтаълим мактабларининг 11-синфини 22 минг 257 нафар ўқувчи тамомламоқда. Қувонарлиси, уларнинг 17 минг 321 нафари олий таълим муассасаларига кириш истагини билдирган. Бу эса ёшларимиз орасида билим олишга интилиш, касб эгаллаш ва келажакка ишонч билан қараш тобора кучайиб бораётганини кўрсатади.
Айни пайтда битирувчилар томонидан турли фан йўналишлари бўйича юқори натижалар қайд этилмоқда. Жумладан, 6398 та мажбурий фанлардан, 6913 та асосий фанлардан, 4391 та хорижий тиллар бўйича жами 17 минг 702 та миллий ва халқаро сертификат қўлга киритилди.
Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Тўйевнинг таъкидлашича, энг эътиборли жиҳати шундаки, битирувчиларнинг 1482 нафари танлаган йўналишлари бўйича зарур фанлардан юқори натижаларни қайд этиб, сертификатлар асосида мактаб давридаёқ муддатидан олдин талабаликка эришди.
Шунингдек, улар орасида дунёнинг нуфузли олий таълим муассасаларига грант асосида қабул қилинган иқтидорли ёшлар ҳам борлиги қувонарли. Бу эса Бухоро ёшларининг билим ва салоҳияти халқаро майдонда ҳам муносиб баҳоланаётганидан далолат беради.
Мазкур ютуқлар таълим тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, мактабларда яратилган замонавий шарт-шароитлар, педагогларнинг фидокорона меҳнати ҳамда ота-оналарнинг қўллаб-қувватлаши самарасидир. Энг муҳими, бу натижалар ёшларнинг аниқ мақсад билан яшаб, ўз келажагини билим орқали барпо этаётганини англатади.
Бугунги битирувчилар эртанги куннинг муҳандиси, шифокори, ўқитувчиси, тадбиркори ва Ватан тараққиётини таъминловчи кучдир. Шу маънода, Бухоро вилояти ёшларининг бугунги муваффақиятлари мамлакатимизнинг ёрқин келажагига ишончни янада мустаҳкамлайди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.