Ватан учун, миллат учун, халқ учун!
Таълим инсонни зулматдан ёруғлик сари олиб борадиган, ақл ва қалбни мустаҳкамлайдиган восита, ҳақиқий бойликдир. Таълим-тарбияси мустаҳкам бўлган юртнинг ҳаёт йўли равон бўлажак.
Яқинда Қоракўл академик лицейига борганимда, лицей директори бу йилги битирувчиларнинг 95 фоизи миллий ва халқаро даражадаги сертификатларни қўлга киритиб, олий ўқув юрти талабаси бўлганини, фан олимпиадаларидаги совринли ўринлар сони йилдан-йилга ортиб бораётганини фахр билан тилга олди ва бундай натижалар сўнгги йилларда таълим соҳасидаги ислоҳотлар, яратилаётган кенг кўламли имкониятлар натижаси эканини эътироф этди.
Дарҳақиқат, бугун ҳар бир таълим масканида таҳсил олаётган ўғил-қизларимиз учун, олий таълим ва ундан кейинги босқичларда таълим олиш истагидаги ёшларимиз учун имкониятлар эшиги кенг очилган. Шу йил 15 май куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида мактаб таълими тизимидаги ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш бўйича устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Дунёда исбот талаб қилмайдиган бир ҳақиқат бор: ҳар қандай мамлакат тараққиёти соғлом ва билимли авлодга боғлиқ. Шу боис янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида соғлом, билимли, теран фикрли, ватанпарвар ёшларни тарбиялаш учун барча шароитларни яратишимиз шарт ва зарур”, деган эди Президентимиз.
Барчамизга аёнки, сўнгги йилларда таълим, илм-фан соҳаларида мисли кўрилмаган даражадаги ислоҳотлар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш мақсади қатъий қўйилиб, бу йўлда иқтидорли, истеъдодли ёшларни юзага чиқариш, уларга кенг шароитлар яратиш, олий таълим олиш қамровини кенгайтиришга устувор аҳамият қаратилаётир.
Ҳаётий ислоҳотлар энг қуйидан – мактабгача ва мактаб таълими тизимидан бошланиб, бор куч ва имкониятлар сафарбар этилмоқда. Аввало, энг яхши сармоя – фарзандлар келажаги учун йўналтирилган сармоя, деган ақидага амал қилинган ҳолда соҳани етарли маблағ билан таъминлашга эътибор қаратилди.
Рақамларга юзлансак: таълимни ривожлантиришга сўнгги 7 йил давомида маблағлар ҳажми 3 карра оширилди ва 216 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди. Бунинг натижасида эришилаётган марралар ҳам озмунча эмас – 6 минг 376 та давлат мактаблари ва 3 минг 600 тага яқин давлат боғча бинолари реконструкция қилинди ва янгидан қурилди. Мактабгача таълим билан қамров даражаси 27 фоиздан 77 фоизга ошди, нодавлат боғчалар сони 8 бараварга кўпайди. Хусусий мактаблар сони эса 30 тадан 666 тага етди ва 22 бараварга ошди. Тўғрида, ҳар бир ота-она фарзандини янада яхшироқ шароитда, кенгроқ имкониятлар асосида ўқитгиси келади. Шу маънода талабга яраша таклиф яратилиб, нодавлат таълим муассасаларининг фаолиятига ҳам кенг ўрин берилмоқда, уларни қўллаб-қувватлашга эътибор қаратиляпти.
Шунингдек, ўтган давр мобайнида 14 та Президент, 9 та ижод, 2 та спорт, 185 та ихтисослаштирилган мактаблари фаолияти йўлга қўйилди. Янги ўқув йилидан яна 17 та ихтисослаштирилган мактаб ҳамда Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб-интернати фаолият бошлашини алоҳида эътироф этиш лозим. Зеро, ушбу мактабларда таҳсил олаётган фарзандларимизнинг қайд этаётган натижалари, халқаро майдонлардаги ютуқлари янада қувонарли.
Бугун замон зайли шундайки, шиддатли даврга тезкорлик билан мослашмасанг, ортда қоласан. Худди шундай таълим тизимида ҳам замон талабларидан келиб чиққан ҳолда дарсликлар ва ўқув дастурлари янгиланди, рақамли таълим ривожланди. Барча умумтаълим мактабларига интернет тармоғи инфратузилмаси олиб келиниб, ўқувчилар учун билим олиш, қўшимча шуғулланиш имкониятлари кенгайтирилди. Шунингдек, СТEМ фанлари, информатика, чет тилларини ўқитиш кучайтирилди. Бунинг учун хорижий давлатлардан 500 нафардан ортиқ чет тили фани ўқитувчиси жалб этилди.
Ушбу саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ, мактаб ўқувчиларининг халқаро фан олимпиадаларида олган медаллари сони 2019 йилдаги 29 тадан 2025 йилнинг дастлабки 6 ойи давомида 170 тага етди ва қарийб 9 баробарга кўпайди. Мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига кириш ўртача балл кўрсаткичи сўнгги беш йилда 69,8 баллдан 78 баллга ошди. Демак, ўқувчи ёшларнинг билим даражаси, дунёқараши ошяпти, илм-фанга интилиши юқорилаб бормоқда.
Мактаб ўқувчилари ўртасида Президент соврини учун “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб”, “Турон”, “Иқтидор”, “Жадидлар изидан”, “Рақамли авлод” танловлари ташкил этилиб, ғолиблар хорижий давлатларга таълим саёҳатига юборилаётгани эътиборга молик.
Шу ўринда имконияти чекланган болалар учун ҳам ҳамма қатори тенг ва кенг шароитлар яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаш лозим. Бу борада ўтган даврда952 та мактабда инклюзив таълим жорий этилди.
Таълим олган шахс қалби ва онги бой, ҳаёти нурли, маънавий камолотга, юксакликка интилувчи инсондир. Бугунги кунда билим билан ўзи ва яқинларининг ҳаётини ёритишга, жамиятни ривожлантиришга бел боғлаган ҳар бир инсон борки, улар учун барча имкониятлар бисёр.
Жумладан, сўнгги йилларда олий таълим тизимида мамлакатимиз ёшларининг таълим олиши учун кенг имконият ва зарур шароит яратишга устувор аҳамият қаратилди. 6 йил мобайнида олийгоҳлар сони 77 тадан 202 тага етказилгани, уларга қабул 3,5 баробарга ортгани, ёшларнинг олий таълим билан қамров даражаси 9 фоиздан 43 фоизга ошгани бунга исбот бўлади.
Бугун олий таълим оламан деган йигит-қиз борки, бунинг учун имкониятлар етарлича, хоҳиш, истак, интилиш ва ҳаракат бўлса, бас. Бир яқин инсонимнинг фарзандини биламан, бир неча йиллар давомида олий таълимга кириш учун тайёргарлик кўрди. Афсуски, ҳар йили озгина балл етмагани учун ўқишга киролмай, тушкунликка тушар эди. Кейинги йилларда ОТМлар сони ортгани, қабул квоталари оширилгани натижасида у бола ҳам талаба бўлиш бахтига муяссар бўлди. Бу каби ёшлар қанчадан-қанча эди. Ҳозирда эса яратилган шароитлар туфайли ёшларнинг интилиши, ҳаракати зое кетмаяпти.
Айниқса, хотин-қизларинг олий таълим олишига алоҳида эътибор билан ёндашилаётгани таҳсинга сазовор. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Қизларнинг ўқиб, олий маълумотли бўлиши бутун жамият равнақи учун хизмат қилади”. Ҳақиқатан ҳам бир қизни ўқитиш бутун жамиятни ўқитиш билан баробар.
Бу борада республика олий таълим муассасаларига талабаликка қабул қилишда қизлар учун алоҳида давлат грантлари асосидаги қабул кўрсаткичи ажратилди. 2021 йилдан эса эҳтиёжманд оилалар фарзанди бўлган хотин-қизлар учун давлат гранти 2 баробарга оширилди. Олий ҳамда ўрта махсус ва профессионал таълимда таҳсил олувчи хотин-қизларга 7 йилга 14 фоизлик таълим кредитлари ажратилиши йўлга қўйилди. Хотин-қизлар асосий қарзни ўқишни тамомлагач, 7 йил давомида тўлаб бериши белгиланди.
Бундан ташқари, давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичига тўлов-контракт асосида қабул қилинган ва таълим олаётган хотин-қизларнинг контрактини Давлат бюджетидан қоплаш тизими йўлга қўйилди. Рақамларга тўхталсак, 2022/2023 ўқув йилида 14 минг 110 нафар магистрлар учун 152,9 млрд. сўм, 2023/2024 ўқув йилида 5 минг 991 нафар магистрлар учун 65,2 млрд. сўм, жами Давлат бюджетидан 218,1 млрд. сўм маблағ тўлаб берилди.
Шу билан бирга, базавий тўлов-контракт асосида давлат олий таълим муассасасига қабул қилинган, ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳисобидан тўлов-контракт пулларини тўлаб бериш йўлга қўйилди. Бу каби чоралар, албатта, хотин-қизлар учун катта қулайлик, имконият яратяпти. Натижада олий таълимда йилдан-йилга талаба-қизлар улуши ҳам ортиб бораётир.
Олий таълим муассасаларини замон талаблари даражасида такомиллаштириш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ОТМлардаги ўқув жараёни тўлиқ кредит-модул тизимига ўтказилди.36 та олийгоҳга академик ва молиявий мустақиллик берилиб, молиявий барқарорликни таъминлаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, контракт асосидаги қабул параметрларини белгилашда мустақил ҳал этиш имконияти яратилди. Олий таълим йўналишлари 40 фоизга мақбуллаштирилди ва натижада 306 та бакалавриат таълим йўналиши 183 тагача қисқартирилиб, янгиланган “Олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари классификатори” тасдиқланди.
Бугун барча ҳудудда энг замонавий, халқаро стандартларга жавоб бера оладиган нодавлат таълим ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилган. Бунинг учун нодавлат таълим ташкилотларини ташкил этиш бўйича лицензия талаблари ва шартлари соддалаштирилди. Лицензия олиш тизими тўлиқ рақамлаштирилди. Маълумотларга кўра, бугунги кунда нодавлат олий таълим ташкилотларида 170 мингдан ортиқ талаба-ёшлар таҳсил олмоқда.
Юртимиз олий таълим масканларининг миллий ва халқаро рейтинглардан юқори ўрин олиш кўрсаткичлари ҳам йилдан-йилга ортиб бораётир. “QS” халқаро рейтингидан 7 та олийгоҳ жой олди, жумладан, ТОП-1000 талик рўйхатдан “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университети 469, Ўзбекистон Миллий университети 721–730, Тошкент давлат техника университети 901–950-ўринни эгаллади.
2025 йилги “THE Impact Rankings” натижасига кўра, Ўзбекистоннинг 59 та олий таълим муассасаси рўйхатдан ўтиб, 12 таси жаҳоннинг Топ-1000 талик университетлари сафидан ўрин олди ва бу билан мамлакатимиз Марказий Осиё ҳамда Кавказ минтақасида мутлақ етакчига айланди.
2025 йилги “QS World University Rankings by Subject” фанлар бўйича рейтинги натижасига кўра, Ўзбекистоннинг 5 та олий таълим муассасаси 8 та фан йўналиши бўйича жаҳоннинг энг яхши 1000 та университетлари қаторига киритилди.
Буюк Британиянинг нуфузли “Quacquarelli Symonds” халқаро рейтинг агентлиги “QS World University Rankings – 2025” ТОП–1000 олийгоҳлари рўйхатидан илк бор республикамизнинг икки олий таълим муассасаси – “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари” Миллий тадқиқот университети 547-ўрин, Ўзбекистон Миллий университети 781-790-ўринни эгаллади.
Таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда таълим сифатини ошириш мақсадида янги педагогик технологиялар жорий этилди. Ўқитиш ва амалиёт жараёни мужассамлиги таъминланди, замонавий лабораториялар олиб келинди. 8 минг 101 нафар хорижлик мутахассислар ўқув жараёнига жалб қилинди. Олий таълим муассасаларида илмий тадқиқотлар натижадорлиги оширилди ва илмий салоҳият 70 фоизга етказилди.
Сўнгги уч йилда олий таълим муассасаларининг 2 минг 299 нафар раҳбар ва 23 минг 321 нафар педагоглари, жами 25 минг 620 нафар раҳбар ва педагог кадрлари 223 та йўналишда малака оширди. Бу ишлар олий таълим муассасаларида таълим сифати ва самарадорлигини янада оширишда муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади.
Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек улкан марра кўзланаётган айни дамда ёшларимизни замонавий таълим билан тўйинтириш долзарб. Бу борада мамлакат ёшларини олий таълим билан қамраб олиш даражасини 50 фоизга етказиш режалаштирилаётгани эътиборга молик. Бунинг учун эса бор куч ва имкониятлар сафарбар этилаётганини, ёшларнинг ҳаракат ва интилишлари қўллаб-қувватланаётганини кўриб, гувоҳи бўлиб турибмиз.
Бир сўз билан айтганда, ўтган қисқа фурсатлар давомида мамлакатимиз таълим-тарбия тизимида узоқни кўзлаб, ёрқин келажакни ўйлаб амалга оширилган ислоҳотлар ўз натижадорлигини намоён этаётир. Соҳадаги самаралар, эришилаётган натижалар ҳақида кўп ва хўп ёзиш, гапириш мумкин. Энг муҳими, буларнинг бари юртимиз эртасига пойдевор эканини тасаввур қилишнинг ўзи қувончли. Барча саъй-ҳаракатлар бугун улғаяётган, Янги Ўзбекистон бунёдкори бўладиган фарзандларимизнинг камолотига замин бўлажак.
Муҳтарама Комилова, ЎзА