Волейбол: CAVA U18 чемпионатининг совриндорлари аниқланди
Тошкент шаҳридаги “Олимпия шаҳарчаси”да волейбол бўйича Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон терма жамоалари иштирокида ўғил ва қиз болалар жамоалари ўртасида ўтган CAVA U18 чемпионати ҳар жиҳатдан юқори савияда ташкил этилди.
Олти кун давом этган шиддатли ўйинларда Марказий Осиё давлатларининг 90 нафардан ортиқ маҳоратли волейболчилари ўз иқтидорини намойиш этди.
Қизғин ва муросасиз учрашувлар натижасига кўра, ўғил ва қиз болалар жамоалари ўртасидаги баҳсларда қўшни Қозоғистон волейболчилари бош совринни қўлга киритди.

Қизлар жамоалари ўртасида Ўзбекистон ва Қирғизистон жамоалари кейинги ўринларни банд этган бўлса, ўғил болалар жамоалари орасида 2-ўринни Қирғизистон, 3-ўринни Ўзбекистон-1 жамоаси қўлга киритди.
Мусобақалар якунига кўра, ҳамюртларимиздан Муроджон Маматқулов, Иван Пивошенко, Темирлан Абдубаитов, Мероншоҳ Очилов Сердар Илясов, Ўғилой Абдувалиева, Робия Каримбоева Кристина Хасанова тегишли номинациялар бўйича совриндор, деб топилди.

Ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросимида иштирок этган Спорт вазирлиги, Ўзбекистон волейбол федерацияси ҳамда дахлдор ташкилот мутасаддилари мазкур турнир ёш волейболчиларнинг маҳоратини ошириш, халқаро тажриба алмашиш ҳамда Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги спорт ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятлилигини таъкидлади.
Т.Рўзиев,
ЎзА