Волейбол: бугун U18 ёш тоифасида Ўзбекистон кубоги соҳиблари аниқланади
Бугун, 18 август куни пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси” ўйин спорт турлари мажмуасида волейбол бўйича U18 ёш тоифаси жамоалари ўртасида деярли бир ҳафта давомида ўтказилган Ўзбекистон кубогининг ғолиб ва совриндор жамоалари номи маълум бўлади.
Кеча ўтказилган 1/2 финал ўйинлари сарҳисобига кўра, қиз болалар жамоалари ўртасидаги баҳсларда Фарғона вилояти қизлар жамоаси Тошкент вилояти устидан 3:1 ҳисобида ғалаба қозониб финалга йўл олди.
Қорақалпоғистон Республикаси қизлар жамоаси эса Наманган вилояти волейболчи қизларини 3:0 ҳисобида енгиб, U18 Ўзбекистон кубоги учун фарғоналиклар билан рўбарў келадиган бўлди.

Ярим финалда имкониятни бой берган Тошкент ва Наманган вилоятлари жамоалари 3-ўрин учун бўладиган ўйинда тўқнаш келади.
Ўғил болалар жамоалари ўртасидаги ярим финал учрашувларида Фарғона ва Андижон жамоалари муваффақият қозонди.
Фарғоналиклар Навоий вилоятидаги тенгқурларини 3:1, Андижон вилояти ўғил болалар жамоаси эса Қашқадарё вилояти вакилларини 3:0 ҳисобида доғда қолдирди.
Шу тариқа бугун Фарғона водийсининг икки жамоаси олтин медаллар йўлида кураш олиб борса, Навоий – Қашқадарё волейболчи йигитлари бронза медаллари учун даъвогарлик қилади.
Т.Рўзиев, ЎзА